Ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатланган
Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 37-моддаси.
Қашқадарё вилоятида истиқомат қилувчи Д.М (исм, шарифи ўзгартирилган) ўттиз йилга яқин “DUNYO-M” АЖ ҳарбийлашган қўриқлов бўлимида қоровул лавозимида ишлаб келаётган эди. Жорий йил май ойида жамият раиси Д.Мни огоҳлантирмасдан “Нишон” дон қабул қилиш маскани мавсумий қоровули вазифасига ўтказади.
Табиийки, Д.М бунинг сабабини билишга қизиқиб, жамият раисидан изоҳ ва ишига қайта тиклашни сўрайди. Раҳбаридан тайинли жавоб ололмагач, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига Конституцион ҳуқуқлари тиклашни сўраб, мурожаат қилади.
Суд томонидан фуқаро Д.М қонун талабларига зид равишда бошқа ишга ўтказилганлиги, шу билан бирга, тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3 ва 4-банди, 101 ва 102-моддаларига зид равишда бекор қилинганлиги аниқланди.
Шу боисдан суд жамият раисининг тегишли буйруғини бекор қилиш ва ходим Д.Мни аввалги вазифасига ишга тиклашни лозим топди. Шунингдек, Д.Мнинг маънавий зарар кўрганлигини инобатга олиб, суд қарори билан жамиятдан Д.М фойдасига 2 миллион сўм маънавий зарар ундирилди.
Юртимизда ҳар бир инсон ва унинг ҳуқуқлари Конституциямиз билан ҳимояланган. Ушбу ҳолатда ҳам фуқаро Д.Мнинг Конституцион ҳуқуқлари тикланди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА