Президентимиз томонидан 2021 йил 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда масъул идора ва ташкилотлар зиммасига қатор вазифалар юкланган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд раиси томонидан тегишли фармойиш қабул қилиниб, шу асосда Самарқанд вилоятида ҳам ишчи гуруҳи тузилган. Айни пайтда вилоят суди ва масъул идоралар ҳамкорликда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, ўрганиш, натижаларини умумлаштириб, уларни қонуний ечимини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Самарқанд вилоят судида ўтказилган йиғилиш шу масалага бағишланди. Унда вилоят суди раҳбарияти, вилоят суди судьялари, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари бошлиқлари иштирок этди. Ишчи гуруҳ раҳбари, вилоят суди раиси О.Ҳайитов ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимини топишда ишчи гуруҳ олдидаги вазифаларга батафсил тўхталди.
Йиғилиш давомида ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек масъул ташкилотларнинг вакиллари иштирокида қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар бўлди. Кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олиниб, келгусидаги амалга ошириладиган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА