Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах вилояти бўйича юридик ва жисмоний шахслар томонидан 915 ҳолатда 722,1 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жойларда вилоят ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ва уларни бартараф этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– Қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг 215 та ҳолатида фуқаролар томонидан нотурар жойлар, 497 тасида яшаш учун уй-жой қуриб олинганлиги қайд этилган, – дейди Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Н.Сидиқов. – Ушбу ҳолатлар юзасидан фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида 566 та ноқонуний эгалланган ер ихтиёрий равишда қайтарилди. 75 та ҳолат юзасидан қурилган иморатларни мажбурий тартибда буздириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди. 9 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳужжатлар ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири