Фарзанд – инсон умрининг мазмуни. Оила эса фарзандлар дунёга келадиган ва камол топадиган муқаддас қўрғон. Мамлакатимизда ҳар бир оила қонун ҳимоясида, давлат ва жамият эътиборидадир.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби «Оила, болалар ва ёшлар» деб номланади. 76-моддада: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади», дея белгиланган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қарори билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинган. Мазкур асосга кўра, 2019 йилдан эътиборан мамлакатимизда ҳар йили 15 май – Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланади.
Ушбу халқаро сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги резолюцияси билан эълон қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад – жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдан иборат.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда оиладаги муносабатларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, ота, она ва фарзандлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кўмакка муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ибратли оилаларни рағбатлантириш, оилада учраши мумкин бўлган зўравонликларга барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳуқуқий, ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, оила аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш кабилар қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, қўмита таркибида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Албатта, оиланинг мустаҳкамлиги, фарзандларнинг тўғри тарбия олиши кўп жиҳатдан оила бекаларининг маърифатли бўлишига боғлиқ. Рақамларга юзлансак, мамлакатимизда 2022-2023 йилларда хотин-қизларнинг 100 минг нафардан ортиғи имтиёзли асосларда олийгоҳларга қабул қилинган бўлса, ҳозирда 14 минг нафардан зиёд аёллар магистратурада бепул таълим олмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан «Оила маърифатли бўлса, жамият маърифатли бўлади» тамойилига катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатимизда 9 миллиондан ортиқ оила бор ва ҳар йили ўртача 250 – 300 минг янги оила қурилмоқда. Шу билан бирга, оилаларда ажралишлар ҳам қайд этилаётгани, бу кўрсаткич 2024 йилнинг январь – март ойларида 11,5 мингтани ташкил этгани нафақат давлат, балки жамият миқёсидаги муаммодир. Дарз кетган 11,5 минг оила қўрғонининг 46,2 фоизи фарзандсиз бўлган, 29,6 фоизида 1 нафар фарзанд билан, 24,2 фоизида 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан ажралиш кузатилган.
Хўш, бугунги кунда оилалар бузилишининг, никоҳдан ажралишларнинг асосий сабаблари нимада?
Биринчидан, ёшларнинг ихтиёрий розилигисиз, ота-она ёки яқин қариндошларнинг босими билан қурилган оилалар ажралишга мойил бўлади. Агар ёшлар ўртасида биргаликдаги турмуш даврида меҳр пайдо бўлмаса, бундай оила пойдевори мўрт бинодек омонат: ўзаро келишмовчиликлар, дунёқарашнинг мос келмаслиги никоҳдан ажралишга олиб келиши мумкин.
Нақл қиладиларки, Саъдий Шерозий сафарда юрганида фарангларга асир тушади, уни қул қилиб, бир шаҳарга олиб борадилар. Ногоҳ бир савдогар улуғ шоирни таниб қолади ва 10 динор эвазига уни асирликдан қутқаради. Кейин юз динорлик қалин пули билан шоирни ўз қизига уйлантиради. Унинг қизи ўта жанжалкаш бўлиб, охири, «Сизни отам 10 динор бериб қулликдан халос қилмаганмиди?» дея таъна қилишгача боради. Шунда Шерозий: «Ҳа, мен отанг 10 динор бериб қулликдан озод қилган, кейин 100 динор бериб чангалингга ташлаган одамман», дея ўша шаҳардан бош олиб кетган экан.
Иккинчидан, фарзандсизлик ҳам кўп ҳолларда никоҳдан ажралишга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда тиббиёт анча ривожланган ва ушбу муаммонинг бир қанча ечимлари мавжуд. Фақатгина ҳар икки томон буни тўғри қабул қилиши ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши зарур.
Учинчидан, аёлнинг ўзи келин бўлиб тушган хонадон муҳитига мослаша олмаслиги, қайнона-келин муносабатларидаги тушунмовчиликлар, майда маиший гап-сўзлар ҳам аксар оилаларнинг пароканда бўлишига олиб келмоқда. Бу ўринда оиланинг, айниқса, ёши катта аъзоларидан сабрли ва оқил бўлиш талаб этилади. Улар ёшларга оиланинг муқаддас эканини тушунтиришлари лозим.
Тўртинчидан, иқтисодий етишмовчиликлар сабабли бузилган оилалар ҳам учраб туради. Унутмайликки, ҳар бир ота-она ўз фарзандини илмли қилиш, ҳаётга тайёрлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга бурчлидир. Агар ёшлар касбу корли бўлиб, иқтисодий томондан тайёр бўлгандагина оила қуришса, бу каби муаммолар сезиларли даражада камаяди.
Албатта, оилалар мустаҳкамлигига таъсир этувчи омиллар ва сабаблар турли-туман. Аммо уларнинг негизида никоҳланувчи ёшларнинг оила ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлишлари, унинг муқаддаслигини англашлари, ота ва она деган юксак мақомнинг масъулиятини ҳис этишлари мужассам. Шундагина оилаларимиз фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлади. Жамиятимиз манфаат, давлатимиз равнақ топади.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари