Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик томонидан кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар, шунингдек, келгусида режалаштирилган вазифалар ҳақида тадбир иштирокчиларига зарур маълумотлар бериб ўтилди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 172 638 нафар тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган ва ишсиз ёшларга республика бўйича жами 35 212 нафар нуроний бириктирилди, – дейди Маҳала ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Норов.
– Айни вақтда ушбу нуронийлар иштирокида ёшлар маънавиятини ошириш, уларнинг ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, афв этилган шахслар, нотинч оила аъзолари билан мулоқотлар натижасида фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналарнинг 2455 нафари рўйхатдан чиқарилди. Нуронийлар ташаббуси билан вояга етмаган шахсларнинг бир қанчаси профилактик ҳисобдан ўчирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган шахсларнинг бундай иллатдан халос бўлишига эришилди.
Тан олиш керакки , “Маҳалланинг эгаси менман, ҳар қандай қарорни ўзим ҳал қиламан”, дегувчи қўштирноқ ичидаги айрим оқсоқолларга маҳалладаги нотинч, муаммоли оилалар билан иш олиб боришда кексаларнинг ҳаётий тажрибаси, оғир-вазминлик билан иш тутишлари асқатмоқда. Чунки энг катта қийинчиликлар, муаммолар инсон кутмаган вақтда пайдо бўлади. Айрим муаммоларни ечишда қонун ҳимоячилари ҳам иккиланиб турган вазиятларни баъзида нуронийларнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари ҳал этиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Шундай экан, “Қариганда ёшликдагига қараганда кўпроқ иш қилиш керак”, деган нақлнинг ҳаётий исботи сифатида кекса авлод вакилларининг иш тажрибаси, ҳаётдаги ютуқларидан унумли фойдаланиш ҳар биримиз учун ҳаётий зарурат.
Матбуот анжумани айни кунларда ижтимоий тармоқларда жуда кўп ёритилаётган хотин-қизлар зўравонлигига оид, шунингдек, икки ёшгача тўланадиган бола пулларини тақсимлашда маҳаллаларда йўл қўйилаётган муаммолар борасида журналистлар томонидан берилган саволларга вазирлик мутасаддилари атрофлича жавоб берди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА