Ҳар бир мурожаатнинг ижроси назоратда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги Халқ қабулхонасига тумандаги Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қият овулида яшовчи фуқаро Светлана Қорабоевадан бугунги кунда аҳоли ичимлик сувидан қийналаётганлиги тӯғрисида мурожаат келиб тушди.
Мазкур мурожаат назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда овул аҳолисининг муаммосини ҳал этиш чоралари кӯрилди. Натижада Қият овулига 1,7 километр ичимлик суви тармоғини тортиш бўйича жами 275,6 миллион сўмлик ишлар олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач 22 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади.
–Жорий йилнинг бугунги кунига қадар аҳолидан 182 та масала бўйича 178 та мурожаат келиб тушди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қонликўл туманидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Рашид Есемуратов. – Шундан 117 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 36 таси юқори ташкилотларга юборилиб, 29 таси туман Халқ қабулхонасида кўриб чиқилди.
Мутахассиснинг қайд этишича, мурожаатлардан 146 таси қаноатлантирилган, яъни 70 таси ижобий ечимини топган, 51 таси бӯйича ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Жумладан, тумандаги Қонликўл шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Тозахон Утемуратова кўп йиллардан буён ишсиз юрганлигини билдириб, доимий иш билан таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг мурожаати назоратга олиниб, жорий йилнинг январь ойида туман Ободонлоштириш бўлимига ишга жойлаштирилди. Маданият маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Амангелди Ҳамроев 2020 йилнинг ноябрь ойида кредит олиш мақсадида туман Халқ банк филиали билан шартнома тузиб, керакли барча ҳужжатларини топширган. Лекин кредити ҳал қилинмаётганлиги сабабли жорий йилнинг январь ойида туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, февраль ойида 30 миллион сўм кредит маблағи ажратиб берилди.
Ҳал этилиши қўшимча ҳужжат, муддат ва ўрганиш талаб қилинган 25 мурожаатнинг ижроси назоратга олинди ва 27 та мурожаат бӯйича тушинтириш берилди. Шундан 9 та мурожаат бугунги кунда ўрганиш жараёнида.

Довуд Абибуллаев, ЎзА