Ҳар куни одамлар савдо, транспорт, уй-жой ва коммунал хизматлардан фойдаланади. Аммо бу хизматлардан фойдаланиш жараёнида баъзан муаммолар, норозиликлар ҳам юзага келади.
Шу боис, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Мисол учун Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи К.Б. Нукус шаҳридаги “IDEA CONCEPT GROUP” МЧЖ маиший техника дўконидан “SMART TV 55” русумли телевизорни 8 миллион сўмга бўлиб тўлаш йўли билан харид қилган.

Орадан 1 ой ўтиб телевизор бузилиб қолган ва дўконга мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган. Рақобат қўмитаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида янги телевизор берилиши таъминланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро М.Ў уй-жой сотиб олиш учун “ELEGANT NEW DIAMOND CONSTRUCTION” МЧЖ билан шартнома имзолаган ва 43 миллион сўм тўлов қилган. Шартнома шартлари бажарилмагани сабабли компанияга мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган. Ҳудудий бошқарма таҳлиллари асосида шартнома бекор қилинди ва тўланган пул фуқарога қайтарилди.
Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро ЙТҲга учраган ва “Kapital Sug'urta” компаниясидан тўловни ололмаган. Ҳудудий бошқарма ҳаракатлари натижасида 9 миллион 600 минг сўм тўлов қайтариб берилди.
Шунингдек, бу каби ҳолатларни Тошкент шаҳри, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Фуқаролар томонидан муаммо ҳамда камчиликлар бўйича қилинган мурожаатлар Рақобат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари томонидан ўрганилди. Қонунбузарлик юзасидан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.
Мурожаатларга эътибор бериш орқали фуқароларнинг давлатга ишончи, хизматларга бўлган талаб ва савияси ошиб боради. Бу амалиёт ҳар бир соҳада аниқ натижа ва ўзгаришларга замин яратади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА