Ҳар бир мурожаатга ечим изланди
Сайхунобод туманида аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида навбатдаги оммавий қабул ўтказилди.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган қабулда туман ҳокими Комилжон Муллажанов ҳамда Бизнес-омбудсманнинг Сирдарё вилояти бўйича вакили Алишер Ибодуллаев иштирок этиб, фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини бевосита тинглади. Шунингдек, соҳалар бўйича масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ҳар бир мурожаат юзасидан аниқ ечимлар ишлаб чиқилди.

Қабул давомида жами 97 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 31 таси жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича қўшимча ўрганиш ва белгиланган тартиб-таомилларни амалга ошириш учун масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди. Уларнинг ижроси қатъий назоратга олиниб, ҳар бир мурожаатнинг қонуний, адолатли ва ўз вақтида ҳал этилиши таъминланиши белгиланди.


Қабулда тадбиркорликни ривожлантириш, ер ажратиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, электр ва газ таъминоти, коммунал хизматлар, бандлик, имтиёзли кредитлар ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан кўтарилган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаатчига амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг амалий механизмлари юзасидан тегишли тавсиялар тақдим этилди.


Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва унинг эртанги кунга бўлган ишончи мужассам. Сайхунободда ўтказилган навбатдаги қабул аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мутасаддилар фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолаётганини яна бир бор яққол намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА