Ҳар бир мурожаат бир тақдир
Мурожаатларда кимнингдир дарду ташвиши, орзу-ўйлари мужассам бўлиб, унинг ортида инсонни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар турибди. Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Мақсад одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шу маънода Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун жорий йилнинг 1-чораги давомида Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимларига жами 5 390 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан ўз ечимини кутаётган мурожаатлардан 1 521 қаноатлантирилиб, 3 797 нафар фуқароларга мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Етмиш иккита мурожаат эса ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли рад қилинган. Ариза ва мурожаатларнинг қаноатлантирилиши натижасида 894 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланиб, 8 миллиард 283 миллион 304 минг сўм пул маблағлари жисмоний ва юридик шахсларга ундириб берилган.
Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил қилинаётган сайёр қабуллар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Муаммоларга жойида ечим топилаяпти, аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг март ойида ўтказилган сайёр қабулларда Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбарияти томонидан жами 39 нафар фуқаро ва юридик шахслар иштирок этиб, туман бўлимларида мавжуд бўлган ижро ҳужжатлари юзасидан тегишли барча масалалари жойида ҳал қилиниши таъминланди.
– Барчани ташвишга соладиган, “оғриқли нуқталардан” бири бу оилаларнинг бузилишидир, – дейди Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Марғуба Амонова. – Ажримлар сабабали фарзандларнинг моддий ва маънавий таъминотига путур етади. Шу боис Бюрога алимент ундириш масаласида ҳам кўплаб мурожаатлар келмоқда. Эътиборлиси алимент ундирувлари юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича сайёр қабулларда 13 та оила яраштирилди. Яна алимент ундируви бўйича вояга етмаган болага моддий таъминот тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган қарздорлардан сайёр қабуллар жараёнида 59 173 570 сўм алимент қарздорлиги ундириб берилган. Шунингдек, 2 нафар қарздор Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлари судга чиқарилиши таъминланди. Тегишли ташкилотдан эса қабул жараёнида ундирувчи фуқарога 190 миллион сўм қарздорлик ундириб берилган.
Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш — аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди. Бюро томонидан давомий равишда олиб борилаётган бу каби тадбирлар ана шу мақсадларга йўналтирилган.
Гўзал Сатторова, ЎзА