Ҳозир ҳаётимизда “депрессия” ва “стресс” тушунчалари кўпчилик тилида оддийгина ҳолатларни ифодалаш учун ишлатилиб келмоқда. Имтиҳондан йиқилиш, режалаштирилган ишнинг кечикиши ёки яқин инсон билан жанжал – буларнинг бари кўпинча “депрессиядаман” ёки “стрессдаман” каби иборалар билан изоҳланади. Бироқ, психология фанида бу атамалар аниқ мезонларга асосланган тушунчалар бўлиб, уларни ҳар қандай ҳиссий пасайиш билан тенглаштириш нотўғри.
Аслини олганда депрессия шунчаки кайфиятнинг бузилиши эмас, у руҳий саломатликка оид касаллик бўлиб, қувонч ҳис-туйғусининг йўқолишига сабаб бўлади. Қолаверса, доимий тушкун кайфият, уйқу ва иштаҳанинг бузилиши, ўзини қадрсиз ҳис қилиш, ўз жонига қасд қилиш ҳақида фикрлар каби йирик белгилари мавжуд бўлади. Бу симптомлар камида 2 ҳафта давом этади ва инсоннинг ижтимоий, касбий ҳаётига сезиларли даражада салбий таъсир қилади. Стресс эса организмнинг ташқи ва ички босимларга жавобан берадиган табиий психологик ҳолатидир.
Ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви билан одамлар ўзларининг руҳий ҳолатини оммага кўп улашадиган бўлишди. Ҳозирги кунда руҳий кечинмаларни барча олдида кўрсатиш трендга айлангани сабабли, баъзилар ҳар қандай эмоционал ҳолатни дарҳол “клиник ташхис” билан атайдиган бўлиб қолди. Кўпчилик ҳали-ҳануз психологик ҳолатлар ва касалликлар ўртасидаги фарқни тушунмайди. Улар ўзларини чарчаган ёки ҳафсаласи пир бўлган ҳолатда сезишгач, ўз-ўзига депрессия ташхисини қўяди. Олдинги авлодларда руҳий ҳолат ҳақида гапириш ёпиқ мавзулар қаторига кирар эди. Эндиликда инсонлар ҳис-туйғулари ҳақида очиқ гапиришни бошлаган. Бу бир томондан ижобий ҳолат бўлса-да, нотўғри ташхис қўйиш ҳолатлари кўпайган.
Ҳаётдаги муваффақиятсизликлар, вақтинча кайфият бузилиши ёки омадсизликлар депрессия эмас. Ҳар бир инсон ҳаётининг турли даврида муаммолар, тушкунлик ва ҳатто ёлғизликни бошдан кечиради. Бу ҳолатлар кўпинча вақтинчалик бўлиб, соғлом психикага эга шахс буларни енгиб ўтишга қодир. Психология бу ҳолатларни “мослашув даври”, “ўткинчи эмоционал реакция”, “реактив тушкунлик” каби атамалар билан изоҳлайди. Шунинг учун ҳар қандай ҳис-туйғуни касаллик сифатида кўриш – нотўғри ёндашув.
Ҳозирда эса ижтимоий тармоқларда ўз ҳаётида содир бўлаётган воқеаларни обуначиларига сўзлаб бериш анъанага айланган. Инсонларда ҳамдардлик туйғуси кучлилиги сабаб бу каби видеолар кўплаб изоҳ ва кўришлар сонига эга бўлади. Бу каби ўрта ҳолатдаги кайфиятсизликни кучли ҳиссий тушкунлик дея таърифлаш ва ўзини бунга ишонтириш ҳақиқатда депрессияга етаклаши мумкин. Руҳий тушкунлик ва омадсизлик ҳолатлари ҳар бир инсон ҳаётида содир бўладиган табиий жараён. Бу ҳолатларнинг олдини олиш эмас, баттар чигаллаштириш йирик онкологик касалликларга ҳам сабаб бўлади.
Ҳар бир инсон ўз ҳиссий ҳолатини тўғри номлаш, тушуниш ва уни бошқаришни ўрганиши керак. Инсон ўзида руҳий муаммолар борлигини тан олса, бу ёмон эмас. Аммо ҳар бир ҳолатни руҳиятдаги касаллик сифатида талқин қилиш ортиқча ташвишга сабаб бўлади.
Бугунги кунда руҳий саломатлик ҳақида очиқ гапириш – жамиятда ижобий ўзгаришларнинг белгиси. Аммо “депрессия” ва “стресс” атамаларини енгил-елпи ишлатиш, уларнинг асл моҳиятини сўндиришга, руҳий муаммоларнинг эътиборсиз қолишига ёки нотўғри даволанишга сабаб бўлади. Ҳар бир инсон ўз ҳиссиётларини тан олиш, тушуниш ва бошқаришни ўрганиши лозим. Бу нафақат депрессиянинг олдини олади, балки ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА