Пискент тумани Мингтепа маҳалласида яшовчи Умида Мирабдуллаева узоқ йиллар давомида оғир синовларни бошидан ўтказди. Ўн йил олдин турмуш ўртоғи оғир касаллик туфайли вафот этгач, у беш нафар фарзандини ёлғиз ўзи катта қилди.
Умида опа узоқ йиллар давомида турмуш қийинчиликларини енгиб яшашга ҳаракат қилди. Уйидан бор-йўғи 30 метр узоқликда ўтган табиий газ трубасидан фойдаланиш имкони бўлмагани эса энг оғир муаммолардан бири эди. Ҳар қиш мавсуми уйни иситиш учун печкага кўмир ва узум новдаларини ёқиб, иситишга мажбур бўлди.

Бироқ сўнгги вақтларда Умида опанинг ҳаётида туб ўзгаришлар юз берди. Маҳаллада фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим ва ҳоким ёрдамчиси томонидан унинг ҳолати ўрганилди ва у “Камбағаллик реестри”га киритилди. Бу эса уни давлат томонидан тизимли ва манзилли ижтимоий ёрдам билан қамраб олишга асос яратди.
Айни пайтда мамлакатимизда жорий этилган ижтимоий ҳимоя тизими самараси У.Мирабдуллаева мисолида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ушбу тизим орқали эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларга аниқ эҳтиёжига мос ёрдам турларини кўрсатиш, фуқаролар билан доимий алоқа ва назоратни йўлга қўйиш имкони яратилди.
Ушбу оила Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповга бириктирилган бўлиб, ҳоким томонидан Умида опа хонадонига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ушбу хонадонга газ қувури тортилиб, тармоққа уланди. Хонадонига янги эшик ва ромлар ўрнатилди ва тўлиқ таъмирланди.

– Оилавий ташвишлар туфайли хонадонимизни газлаштиришга имкон бўлмаган. Ҳоким келиб, муаммоларимни эшитди. Шундан сўнг яшашимизга анча қулайлик бўлди. Давлатимиз ғамхўрлигини чиндан ҳис қилдим, – дейди Умида опа.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу аёл ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради. Унинг фарзандлари ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Улар қўшимча тил курслари ва спорт тўгаракларига жалб этилиб, болалар учун нафақа ҳам тайинланди. Умида опанинг ўзи эса ҳозирда ошпазлик йўналишида иш билан банд. Бир неча йил аввал оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганига қарамасдан, ҳозирда соғлиғи яхшиланмоқда.
Бу фуқаро мисолида кўриш мумкинки, ижтимоий ҳимоя тизими нафақат моддий ёрдам, балки одамларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, меҳнатга қайтариш, фаолликка ундашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА