Ҳар бир болага меҳр ва эътибор
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни наинки кичкинтойлар учун қувончли байрам, балки катталарга болаларнинг доимий ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтож эканлиги, ҳар бир фуқаро болажонлар учун масъул эканини англатувчи санадир.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Республика болалар ижтимоий мослашув марказида кичкинтойлар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда аҳолининг бирмунча ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, болалар ва ўсмирларни ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини амалга ошириш юзасидан мақсадли дастурлар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, умуминсоний қадриятлар руҳида ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун барча шароит яратилмоқда.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва унинг Фарғона, Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги филиалларининг ходимлари ёрдамида оилавий поликлиникаларда, қишлоқ пунктларида ногиронликни эрта профилактика қилиш, болаларнинг эрта руҳий-жисмоний ривожланишини таъминлаш, шунингдек, ўқув муассасалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш мақсадида "Эрта ёрдам хизмати" фаолияти такомиллаштирилди.
Ўтган йиллар давомида ногиронлиги бўлган болаларнинг турли тадбирларда, жумладан, спорт мусобақаларида иштирок этиши бўйича қамров ва миқдори ортди. Болаларимиз кўплаб халқаро танловлар ва мусобақаларнинг ғолиблари бўлди, кўпгина халқаро фестивалларда иштирок этмоқда.

Мурувват уйлари мутахассислари ўзларининг касбий малакасини оширди, кадрларга оид штат бирлиги – психолог, дефектолог ўринлари киритилди.
Марказ болаларни тасвирий санъатнинг турли шаклларига жалб қиляпти.
“Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” байрам тадбири ана шундай эзгу ишларнинг яққол намунасидир. Тадбир доирасида кўргазмалар, бадиий ижодга оид маҳорат дарслари, спорт мусобақалари, викторина ва танловлар бўлиб ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА