Ҳар бир бола меҳр ва эътиборда
O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида даволанаётган болажонлар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда шифохона бош шифокори Ғафур Саидов, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Бобомурод Очилов, партия шаҳар Кенгаши раиси Жонибек Матниёзов, партия вилоят Кенгаши бўлим мудири Робия Салихова ва бошқалар Янги Ўзбекистон шароитида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аввало, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинганлигини таъкидлади. Бунинг учун юртимизда барча шароитлар яратиб берилганлигини, O‘zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари орасида айнан шу масалалар ҳам етакчи ўрин эгаллаши қайд этилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида бугунги кунда 243 нафар беморлар даволанмоқда. Марказда 86 нафар малакали шифокорлар фаолият олиб бормоқда. Вилоят бўйича шу кунгача 243 нафар бемор хавфли ўсма касаллиги бўйича диспансер назоратига олинган. Марказда барча беморларнинг шифо олиб, ҳаётга қайтишлари учун етарли шароитлар яратилган. Бу ердаги бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
[gallery-7419]
–Оғир касалликка чалинган уч ёшли қизимни 4 босқичда даволашга тўғри келди, – дейди Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчаси 1-уй 60-хонадонида истиқомат қилувчи Марям Холиқова. – Беш ой давом этган муолажалар қўли енгил шифокор Исроил Адизов ва унинг ҳамкасблари билим ва маҳорати туфайли ўз самарасини берди. Қизим ўзини анча яхши ҳис этмоқда. Барча шифокорларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Байрам муносабати билан ташкилотчилар томонидан болалар учун турли хил кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Уларга бир қатор ширинлик ва пишириқлар улашилди.
Ўзбекистон ёшлар агентлиги вилоят бўлими ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти ёш ижрочилари томонидан куйланган қўшиқ, ижро этилган рақслар бу ерда даволанаётган ўғил-қизлар ҳамда тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч улашди. Шунингдек, байрамда иштирок этган барча болалар партия вилоят Кенгаши ва депутатларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил қилувчи “Инсон қадри учун” тамойили албатта, болаларга ғамхўрликни ҳам назарда тутади. Вилоят онкология диспансерида ўтказилган байрам тадбири ана шу тамойилнинг амалдаги ижроси бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири