3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни Сурхондарё вилоятида кенг нишонланди. Сана муносабати билан Термиз шаҳри ва туманларда ногиронлиги бор юртдошларимиз учун байрам тадбирлари ташкил этилиб, қалбларига ўзгача қувонч улашилди.
Ана шундай тадбирлардан бири Шўрчи туманидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 122-мактаб-интернатда бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи X.Мамадиев иштирок этиб, болаларни байрам билан табриклади. Улар билан дилдан суҳбатлашиб, ҳар бир бола давлатимизнинг алоҳида эътиборида эканини таъкидлади.
Айни пайтда вилоятда 1 минг 626 нафар ногиронлиги бор ўғил-қиз якка тартибда таълим олмоқда. Мазкур мактаб-интернатда эса 151 нафар ўқитувчи 430 дан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Вилоятдаги бошқа алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослашган махсус мактабларда ҳам байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири