Ҳар бир бола эътибор ва ғамхўрликка муносиб
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нафақат болажонларга байрамона кайфият улашиш, балки уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиш учун ҳам муҳим сана ҳисобланади. Юртимизда бугунги кунда ҳар бир боланинг бахтли ва соғлом вояга етиши, замонавий билим олиши ҳамда ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилаётган маърифий ва хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази томонидан “Кичик юраклар – Катта орзулар!” номли хайрия тадбири ташкил этилди.

Тадбир болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ва жамиятда меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик қадриятларини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ўғил-қизлар бир майдонда жам бўлди. Хусусан, республикамизнинг 14 та ҳудудида фаолият юритаётган ҳудудий “Келажак” марказлари тўгарак аъзолари ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этди.
Тадбир давомида меҳмонлар ёш истеъдод эгалари томонидан тайёрланган ишланмалар, ижодий намуналар ва турли лойиҳалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Бу эса болаларнинг қизиқишлари, билим ва кўникмалари, ижодий қарашлари ҳамда изланишларини кенг жамоатчиликка намойиш этиш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.

“Кичик юраклар – Катта орзулар!” тадбири мазмунан ранг-баранг ва қизиқарли дастур асосида ташкил этилди. Болажонлар учун квестлар, миллий ва спорт ўйинлари, интерактив лойиҳалар ҳамда мўъжизавий шоулар уюштирилди.
Шунингдек, тадбир давомида 7 та йўналиш бўйича болаларнинг қизиқишлари ва истеъдодларини янада ривожлантириш, уларда янги билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Турли соҳаларни қамраб олган мазкур амалий машғулотлар иштирокчиларга ўзлари учун қизиқарли бўлган фаолият турлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрамона концерт дастури эса иштирокчилар ва меҳмонларга унутилмас таассуротлар улашди.

Қайд этилишича, тадбирдан тушадиган маблағлар мураккаб тери касаллиги билан курашаётган болажонларни қўллаб-қувватловчи “Капалак болалар” нодавлат нотижорат ташкилотига йўналтирилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори асосида бугунги кунда республика бўйлаб жами 223 та “Келажак” маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 8 210 та тўгаракка 222 мингдан ортиқ ўқувчи жалб этилган. Ушбу марказлар ёшларнинг қобилиятини ривожлантириш, замонавий касбларга йўналтириш ва қўшимча таълим билан қамраб олишда муҳим ўрин тутмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА