Ҳар бир бола бахтли оилада яшашга ҳақли
Бугунги кунда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бунинг амалий исботини кўрсатди. Марказ ходимлари томонидан олиб борилган ижтимоий ўрганишлар давомида 2009 йилда туғилган вояга етмаган У.Г.нинг ҳуқуқий ва ижтимоий кўмакка муҳтожлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, боланинг онаси вафот этган, отаси Г.А. эса фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, туғилганлик гувоҳномасида қонуний оталик белгилари расмийлаштирилмай қолган. Боланинг онаси ёлғиз бўлганлиги ҳамда қонуний отаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, онанинг вафотидан сўнг вояга етмаган бола чин етим тоифасига киритилган ва қонуний вакилсиз қолган. Она ҳаёт бўлмаганлиги сабабли амалдаги тартиб бўйича ота-онанинг биргаликда ариза бериш имконияти йўқ эди.
Ушбу ҳолат аниқлангач, марказ ходимлари масалага ҳуқуқий ва инсоний ёндашиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги “Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан оталикни белгилаш чораларини кўрилди. 17 ёшли У.Г. ҳам амалдаги қонунчиликка асосан бунга ўз розилигини билдирди.
“Инсон” маркази ва туман ФХДЁ органи ҳамкорлигида барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, болага янги гувоҳнома тантанали топширилди. Бу шунчаки ҳужжат эмас, балки бир оиланинг ота ва боланинг руҳан боғланиши бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири