Ҳақиқий ўзбекнинг лоласи эди...
Буюклик, қаҳрамонлик ҳақида кўп гапирамиз. Аммо шундоқ ёнимизда шундай инсонлар яшаётганлигини, улар билан замондош эканлигимизни доимо ҳис қилавермаймиз. Улар ҳалол меҳнати, эзгу ишлари билан камтарона умргузаронлик қилади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Лолахон Муродова ана шундай инсонлардан бири эди. У ҳақиқий қишлоқ хўжалигининг академиги, ер билан тиллаша олган ўзбек аёли бўлган.
9 март – қаҳрамон опанинг таваллуд топган куни. Бугун қадрдон далалар уни жуда соғинган. Чунки опанинг ҳар бир ерда қадам излари бор. Бир пайтлар одам боласи қўрқадиган тўқайзорлар, барханлар ўрнида Лола опанинг жасорати билан лалми ер майдонлари пайдо бўлди...
Лолахон Муродованинг отаси Неъматжон ака Полосон қишлоғидаги жамоа хўжалигининг трактор паркида механик бўлиб ишлагани боис Лолахон опа отасининг касбига жуда қизиққан. Мактаб ўқувчилиги пайтидаёқ отасига эргашиб, тракторни бошқарган. Ана шу қизиқиш туфайли у билим юртида механизаторлик касбини эгаллади. Шу касбни эгаллабоқ, далада пахта териш машинасини бошқарди. Ўша йилиёқ Олтиариққа ва вилоятга номи овоза бўлди. Орадан бир йил ўтмасдан уни жамоа хўжалигининг ёшлар пахтачилик бригадасига раҳбар этиб тайинлашди. Ўт-олов қизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу бригадада ҳар йили давлат режалари муддатидан аввал ва зиёди билан бажарила бошланди. Ана шуларни ҳисобга олиб, туман раҳбарияти уни бўлим бошлиғи этиб тайинлади.
Бўлимдаги қатор муваффақиятлар эса Лолахон Муродовани “Нуробод” ширкат хўжалиги раиси даражасига кўтарди. Орадан йиллар ўтди. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар туфайли юртимизда фермерлик ҳаракати ривожлана бошлади. Л.Муродова ҳам биринчилар қаторида ҳосилдор ерлардан эмас, аксинча, қумлоқ, деҳқончилик қилиш оғир бўлган чўл ҳудудидан ер олиб, янги фермер хўжалигига асос солди ва уни маҳорат билан бошқара бошлади.

Механизаторлик қилиб юрган йиллари ҳам, пахтачилик бригадаси ва бўлим бошлиғи, кейинчалик ширкат хўжалиги раиси вазифаларида ишлаб юрган йилларида ҳам қишлоқ ҳудудидаги экин майдонларининг пасту баландини атрофлича ўрганган эди. У ҳатто қиш кунлари ҳам қадрдон даласига йўл оларди.
Пайкалларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликни янада ошириш, тупроқ унумдорлигига қараб уруғ навини танлаш бўйича режалар тузар, бу режаларни амалга оширишнинг энг мақбул йўлларини ўйларди. Ана шу омилкорлик ва тажрибаларнинг барчаси унга фермер хўжалиги далаларидаги деҳқончилик билан шуғулланиш жараёнида жуда асқотди. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, чўл ерларидаги ҳосилдорликни кўтариш осон бўлмади. Фермер хўжалиги дастлаб ташкил этилган йилларда ерларнинг ҳар гектари аранг 15-20 центнердан ҳосил берарди. Тажрибали деҳқон аёлнинг саъй-ҳаракатлари, маҳорати, деҳқончилик илмидаги изланишлари ҳар йили ўз самарасини бера бошлади. Кейинчалик ҳосилдорлик 35-40 центнергача, сўнгги 4 йилда эса 55-60 центнергача кўтарилди.
Фермер аёл отасининг ўгитларига бир умр амал қилди. Ҳатто ерларининг ҳосилдорлиги 60 центнергача етса ҳам у бу ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида изланиб, интилиб, инновацион лойиҳалар устида бош қотирди. Натижани эса бутун мамлакат кўрди, эътироф этди. Жонажон мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида Президентимизнинг фармони асосида Лолахон Муродова Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва Олтин юлдуз медали билан тақдирланган эди. Фидойи фермер аёл дала ишларидан ортиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди.
Жумладан, унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати сифатида сайловчиларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиши йўлидаги фидойилиги ҳам таҳсинга сазовордир. Лола опа билан жуда кўп суҳбатда бўлганман. У ҳаёт йўли, кўрган қийинчиликлари ҳақида кўп гапириб берарди.
– 14 -мактабда 8-синфгача ўқиганмиз, у ер жуда хароба эди, – деганди бир суҳбатимизда опа. – Кейин янги қурилган 31-мактабда ўқидик.
Ўқитувчиларимиз жуда талабчан бўлган. Бирор марта дарс қолдирмасдик. Билим юртини битирганимдан сўнг шу мактабга инструкторликка ишга таклиф қилишди. Ёшларга механизаторликни ўргатардим. Ўқувчилигимда югуриш бўйича мусобақаларда қатнашиб, чемпион бўлганман. Жисмоний тарбия ўқитувчиси касал бўлиб қолганида анча вақт шу фандан машғулотлар ўтдим. Ўша пайтларда пахта мавсуми қаттиқ бўлар, ўқитувчилар, ўқувчилар унга жалб қилинарди. Мактаблараро пахта териш бўйича мусобақалар ўтказилар эди. Бир куни директоримизга “совхоздан пахта териш машинасини олиб беринг, шунда ҳаммадан илғор бўламиз” деган таклифни билдирдим. Ўзим елиб-югуриб, қийинчиликлар билан янги пахта териш тракторини олганман. Биринчи пахта майдонига теримга тушганимда катта ҳаяжон бўлган, отам катта далда берган. Асло шижоатимни туширмасдан қаттиқ меҳнат қилганман. Ҳатто вақтни қизғаниб, куннинг иссиғида пахта териб олай деб тушлик ҳам қилмасдик. Ўша йили мактабимиз туманда энг илғор теримчи жамоа бўлиб, “Жигули” автомашинаси билан тақдирланган. Бир мавсумда 130 тоннагача пахта терганман. 80-йилларда ёшлар бригадасига сардор қилишди. Шу билан илк фаолиятимни бошлаган қадрдон мактаб билан хайрлашдим. Қишлоқ хўжалиги соҳасига астойдил киришиб кетдим.
У киши билан суҳбатлашган киши меҳнат инсонни улуғлашига, юрт ичида азиз қилишига тасанно айтарди. Шуни ҳам қувонч билан таъкидламоқчимизки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар сафар Фарғона вилоятига ташрифлари давомида, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова билан учрашиб, дилдан самимий суҳбатлашарди. Ҳа, Лолахон опа чин маънода водийнинг барқ уриб очилиб турган гўзал лоласи эди! Бу лола нафақат водийга, балки бутун Ўзбекистонга кўрк бағишлаб турарди. Минг афсуски, бугун “эди” деган сўзни ишлатишга мажбурмиз. Ўлим ҳақлигини яна бир маротаба исботлади.
Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган Лола Муродова бугун орамизда йўқ. Деҳқончилик соҳасининг сирларини чуқур эгаллаган, бой билим ҳамда ҳаётий тажрибаси, бор куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлаган миришкор инсон умрининг охиригача ўз касбига содиқ қолиб, ўзининг ҳалол меҳнати билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлди.
Маъсуджон Сулаймонов,
М.Қодиров олган сурат ЎзА