Ҳамюртларимиз учун байрам туҳфаси
Янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли "Chinobod plaza sanatoriyasi" иш бошлади.
Юртимизда ошқозон-ичак касалликлари етакчи ўринда бўлиб, катта ёшдаги одамлар орасида 8-10 фоизни ташкил этади. Нотўғри овқатланиш, бунинг натижасида ортиқча тана вазнининг ортиши асосан қабзият, ошқозон ости бези касалликлари, ўт қопи, яра ҳамда жигар хасталикларининг кўпайишига олиб келмоқда. Бу касалликларнинг ортиши ишчи ва хизматчилар орасида самарали меҳнатнинг пасайишига, сурункали хасталикларнинг зўрайишига, шифохоналарда даволанувчиларнинг ортиши эса вақтинчалик ҳамда қатъий меҳнат қилиш лаёқатининг йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Бу касалликларга ихтисослашган ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган "АJ Chinobod sanatoriysi" 430 ўринга эга бўлиб, унинг йиллик ўрин -кун бандлиги 340 кундан ошади. Мазкур сиҳатгоҳга бўлган талабнинг ортиши, ишчи- хизматчиларни соғломлаштириш ишларини кенгайтириш мақсадида санаторияга қўшимча бино қуриш ҳисобига унинг қувватини ошириш ёки алоҳида замонавий, барча талабларга жавоб берадиган янги санатория қуриш талаб қилинарди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан "Chinobod plaza sanatoriysi" масъулияти чекланган жамиятининг қурилиши 2018 йилнинг 2-чорагида бошланиб, 2020 йилда тўлиқ битказилди. Санатория 144 ўринли ётоқхона ва даволаш биносига эга. Йилига 4500 нафар кишини соғломлаштиришга мўлжалланган мазкур масканнинг ҳудуди 1,7 гектарни ташкил этади. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, муҳандислик иншоотларини барпо этиш учун жами 71,887 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланган.
Беш қаватли ушбу санатория ошқозон-ичак йўли касалликлари, юрак-қон томир, эндокрин, асаб тизими билан оғриган дам олувчилар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослашган, у меҳмонхона тоифасидаги бальнеологик сиҳатгоҳ бўлиб, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган.
Бу ерда даволаш муолажалари тиббий, иқлимий, физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Асосий тиббий даволаш омиллари Тошкент артезиан ер ости ҳавзасидан чиқадиган шифобахш сувлардир.
[gallery-677]
Санаториянинг тантанали очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони, фахрий ўқитувчи Турғун Азларов ва бошқалар инсон манфаатларига устувор эътибор қаратиш, барча тармоқларнинг барқарор ривожланиши пандемия шароитида ҳам Президентимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимизнинг келгусидаги тараққиёти стратегиясини белгилаб беришда муҳим дастуриламалдир.
Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади. Бу жараёнда устозларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Мазкур сиҳатгоҳнинг илк дам олувчилари ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, меҳнат фахрийлари бўлишди. Санаторияда даволаш ва профилактика муолажалари учун илғор технологиялардан, даволаш усулларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ерда яшаш, саломатликни тиклаш учун бир жойда шароит яратилгани аҳамиятлидир. Айни пайтда касаба уюшмалари томонидан жами 13 минг 500 нафардан ортиқ ўқитувчини соғломлаштириш кўзда тутилган. Ҳозир ана шу фидойи ўқитувчиларнинг рўйхати шакллантирилмоқда.
– Яқиндагина ушбу даргоҳга келдик, – деди Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-мактабнинг география ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Зилола Халилова. -- Мавжуд шароитларнинг сифатидан ғоят мамнун бўлдик.
Ушбу санаторий гастрофиброскопия, колпоскопия, УТТ, зарб тўлқинли даволаш, озонотерапия, умуртқани тортиш, юқори ва паст частотали физиотерапевтик ускуналар, парафин-озокерит воситасида даволаш учун зарур барча жиҳозлар билан таъминланган. Даволанувчиларга 113 нафар юқори малакали тиббиёт мутахассиси хизмат кўрсатмоқда.
Санаторияга Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий адабиётлар совға қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА