Ҳамюртимиз Марокаш раллисида матонат кўрсатди
Саҳрои кабир қумликларида ўтказилган “Марокаш раллиси–2021” пойгасида дунёнинг турли мамлакатларидан 200 нафар спортчи ўзаро рақобатлашди.
Ушбу ралли тарихида илк маротаба ўзбекистонлик пойгачи Анвар Эргашев иштирок этди.
Айтиш жоизки, ралли рейдлар бўйича катта тажрибага эга бўлган ҳамюртимиз жорий йилнинг феврал ойида жаҳон кубоги босқичида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллаганди, дейилади Туризм ва спорт вазирлиги хабарида.
Сўнгги кунларгача пойгачимиз Анвар Эргашевнинг мазкур мусобақага бориш-бормаслиги маълум эмасди. Боиси, пандемия туфайли Марокаш визасини олишдаги қийинчиликлар ва ушбу мамлакат элчихонаси Ўзбекистонда йўқлиги бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганди. Ўзбекистон миллий автомобиль клуби жамоат бирлашмасининг саъй-ҳаракати ҳамда мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонаси кўмагида Марокашнинг Озарбайжондаги консуллиги, Халқаро автомобиль федерацияси, Марокаш раллиси ташкилотчилари, "ДАКАР ралли" директори Девид Кастер билан олиб борилган музокаралар натижасида пойгачимиз Анвар Эргашевнинг мусобақада иштирок этишига эришилди.
Маълумки, саҳрода пойга осон кечмайди. Қум баҳранлари, аниқ йўлнинг йўқлиги, қумли тепаликларнинг бир зумда тошли довонларга айланиши, саҳро жазирамаси ҳар қандай спортчини толиқтирарди.
Шундай мураккаб вазиятда ўнлаб спортчилар тақдирга тан берган ҳолда кузатувчилар қаторидан жой олди. Бироқ Анвар барчасига чидади. Пойга жараёнида автомобилнинг рули кескин бурилиб, Анварнинг қўлига жароҳат етказган (кейинчалик унинг қўли синганлиги маълум бўлди) ва мусобақада бир қўли билан автомобилни бошқаришга мажбур бўлган бўлса-да, у таслим бўлмади. 1 450 км масофани босиб ўтиб, Т3 тоифасида 6-ўринни эгаллади.
Таъкидлаш жоиз, энг мураккаб махсус қисмлардан иборат "Марокаш раллиси–2021" 5 кунлик пойгаси пухта жисмоний ва техник тайёргарликни талаб қилади. Шу боис, унда илк уринишдаёқ ғолиб бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Кўплар марра чизиғига ҳам етиб боришолмайди. Шундай шароитда пойгачимизнинг мураккаб мусобақада 6-ўринни эгаллаши Ўзбекистон автомабиль спорти тарихида ажойиб натижа бўлди, дейиш мумкин.
Шу ўринда, мамлакатимиз вакилининг мазкур нуфузли мусобақада муносиб иштирок этишида Россиянинг "Мариа Опарина Теам" жамоаси, беларуслик тажрибали мутахассис Андрей Рудницкийнинг алоҳида хизматлари бўлганлигини эътироф этмоқ лозим, дейилади Ўзбекистон миллий автомобиль спорт клуби хабарида.
Эътиборлиси, “Марокаш раллиси–2021” мусобақаси Ўзбекистон автомобиль спортчилари, хусусан , пойгачимиз Анвар Эргашев фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Бу, матонатли спортчимизга “ДАКАР-2022” олдидан катта мактаб вазифасини ўтади. Бошқача айтганда, Марокаш раллиси ўзбекистонлик автомобиль спорти вакилларига жаҳон ралли мусобақаларининг “дарвозаси”ни очиб берганлиги билан тарихдан жой олди.


Т. Рўзиев,
ЎзА