Ҳамшираларнинг 51 миллион сўмлик устама пуллари ундириб берилди
Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Ишланова 2016 йилнинг ноябрь ойидан буён тумандаги 26-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳамшира вазифасида ишламоқда. Ҳар куни эрта тонгдан то сўнгги тарбияланувчи уйига қайтгунга қадар уларнинг саломатлигини доимий равишда текшириб боради. Бироқ шу кунга қадар унга ҳамшира вазифасида кўп йиллик ишлагани учун қонунчиликда белгиланган қўшимча устама пуллари тўланмаган.
Туман адлия бўлими ходимлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари давомида З.Ишланова ҳамда бошқа ҳамширалар бир неча йиллардан буён устама пуллари тўланмаётганлигини билдиришди.
Мурожаатга асосан олиб борилган мониторинг ўрганишлар давомида ҳақиқатан ҳам ҳамшираларга туман мактабгача таълим бўлими томонидан қўшимча устамалар тўланмасдан келинганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори давлат муассасаларида ишловчи тиббиёт ходимларига узлуксиз иш стажидан келиб чиққан ҳолда тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизи миқдоригача қўшимча устама тўланиши белгиланган.
Мана шуларни инобатга олиб, туман адлия бўлими томонидан ҳамшираларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига даво аризалари киритилди. Суднинг буйруқларига кўра 11 нафар ҳамширага 52 миллион сўмга яқин устамалар тўлаб берилди.
Шуҳратбек Юсупов,
Жалақудуқ туман адлия
бўлими бошлиғи