Наманганда соғлиқни сақлаш муассасаларининг ўрта тиббиёт ходимлари ўртасидаги “Ҳамшира-2025” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Мазкур танловда вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда шаҳар, туман босқичларида ғолиб чиққан 12 нафар ҳамшира қатнашиб, ўзининг билими, маҳорати ва зукколигини синаб кўрди.
Мазкур тадбир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов моҳир ҳамшираларни қутлар экан, касбий маҳоратни ошириш, соҳага оид билим ва кўникмаларни бойитиш сари интилаётган саломатлик посбонларига омад тилади.
Тўртта шарт асосида олиб борилган танловда даставвал қатнашчиларнинг соҳага оид амалий билимлари синовдан ўтказилди. Иккинчи босқичда эса улар назарий билимларни нечоғлик ўзлаштирганликлари кўзга ташланди. Ижтимоий-сиёсий билимлар имтиҳони ҳам ғоят қизғин кечди. Тезкор савол-жавоблар мусобақасида кимнинг нимага қодирлиги яққол кўринди.

Тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг маҳорат, малака ва билим салоҳиятини холисона баҳолаб борди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, энг юқори балл жамғарган ва ҳамкасбларидан билимдонлиги билан алоҳида ажралиб турган Янгиқўрғон туманлараро қўшма шикаст ва ўткир қон-томир касалликлари бўлими ҳамшираси Феруза Раҳимжонова ғолиб чиқиб, “Ҳамшира-2025”нинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳамшираси Умида Асқарова фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Наманган шаҳар болалар шифохонаси ҳамшираси Нилуфар Икромова эса учинчи поғонага муносиб кўрилди.

Танлов ғолиблари ва фаоллар тадбир ташкилотчиларининг диплом, қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, ютуқларга эришиб келаётганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган бу каби танловлар чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ҳамшираларнинг касбий кўникмасини оширишда ўз ўрнига эга.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА