Шундай актрисалар борки, улар биргина роли билан ҳам томошабин хотирасида қолади. Масалан, "Кавказ асираси" номли севимли кинокомедияда Нина ролини ижро этган Наталья Варлей ёки ўзбек кинематографиясининг биринчи мусиқавий комедияси "Мафтунингман"даги Юлдуз роли билан танилган Клара Жалилова.
Ёш, истеъдодли, мафтункор бу актрисалар халққа танилган пайтида касбий маълумотга эга бўлмаган, лекин улар ўзларининг маҳорати ва табиий гўзаллиги туфайли экран юлдузларига айланди. Кинодаги фаолияти давомида Клара Жалилова машҳур актёрлар билан бир қаторда, таниқли режиссёрларнинг фильмларида суратга тушиш бахтига муяссар бўлди. Шундай бўлсада у "юлдузлик" касалига дучор бўлмади. У ҳаёти давомида камтарин инсон бўлиб яшаб ўтди.

Клара Жалилова 1938 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг оиласи ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига яқин жойда, Хадрада истиқомат қилган. Маҳалласидаги кўплаб қизлар сингари у ҳам саҳнада ўз иқтидорини кўрсатишни орзу қилган. Бир куни у қўрқувини енгиб, танловга келади ва у ерда бўлажак актриса ва хонандаҲалима Носированинг кўзига тушади. Унинг овози 12 нафар мутахассис иштирокида эшитиб кўрилди. Улар орасида Ўзбекистон мусиқа оламининг таниқли намояндалари Юнус Ражабий, Мукаррама Турғунбоева, Мухтор Ашрафий ва бошқалар бўлган. Улар бир овоздан Клара Жалиловани қўллаб-қувватлашди.
Клара Жалилова интервьюларидан бирида радиода турли тилларда: ўзбек, озарбайжон, афғон, ҳинд, эрон, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, рус, тожик ва бошқа тилларда 250га яқин қўшиқ куйлаганини айтган. У “Мафтунингман” мусиқий комедиясидаги машҳур хитларидан ташқари, афғон тилидаги “Гулихандонам”, қозоқча “Қиздарай”, “Эй, меҳрибоним!” қўшиқлари билан ҳам мухлисларининг ёдида қолган.

Клара Жалилованинг сўзларига кўра, у “Мафтунингман” фильмидаги ролидан анча олдин халққа танилган. Афсонавий мусиқий комедияни суратга олиш бошланганида, ёш хонанда халқаро танловларда совринли ўринларни қўлга киритиб юрган машҳур қўшиқчи эди. Истеъдодли ижрочи 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалига юборилган ва ушанда у илк бор олтин медаль совриндори бўлган эди.
Дарвоқе, “Мафтунингман” фильми сценарийси Клара Жалилова учун махсус ёзилган. Фильм катта муваффақиятга эришди, уни миллионлаб томошабинлар кўрди. Мазкур фильмдаги ролидан сўнг Клара Жалилова ҳақиқий кино юлдузига айланди. Ўша йили тўғилган кўплаб чақалоқ қизларга Клара ва Юлдуз исмлари қўйилди.
Айтиш жоизки, “Мафтунингман” биринчи мусиқий комедияси муаллифлари режиссёр Йўлдош Аъзамов ва оператор Михаил Краснянский орадан 11 йил ўтиб, “Ўтган кунлар” афсонавий фильмини томошабинга тақдим этди. Лекин бу фильм бутунлай бошқа жанр – драма эди. Ҳар иккала фильм ҳам ҳали-ҳануз экран қаршисига миллионлаб томошабинларни тўплайди.
Клара Жалилова ўз интервьюсида “Мафтунингман” фильми у учун жуда қадрли эканини, айниқса, суратга олиш майдончасида у биринчи турмуш ўртоғи, таниқли театр ва кино актёри Ёқуб Аҳмедов билан танишганини эслаган.
“Мени ҳалол, иболи ва камтарин инсон сифатида эслаб қолишларини истардим”, деган эди актриса интервьюларидан бирида ва аслида ҳам шундай бўлди. Жарангдор овози ва бетакрор ижроси билан миллионлаб қалбларни забт этган таниқли актриса ва хонанда Клара Жалилова хотираларда абадий қолди.
Лира Шафик,
ЎзА