Ҳамкорликларнинг бугунги куни ва истиқболлари
Ўзбекистон-Корея Республикаси муносабатлари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён 30 йил давомида шаклланган дўстлик, ўзаро тушуниш ва ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини асрлар давомида қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради.

Самарқанд ҳудудида жойлашган кўҳна Афросиёб шаҳри деворларида VII асрда Кореянинг Когурё сулоласи элчилари ташрифи акс этган суратлар бунга яққол мисол бўла олади.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқалар жадал суръатларда ривожланмоқда, конструктив ҳамда ўзаро манфаатли сиёсий мулоқот тобора фаоллашмоқда. Корея Республикаси юртимизда саноат ва инфратузилмани диверсификациялаш ҳамда модернизациялаш бўйича устувор дастурларни амалга оширишда етакчи технологик шерик саналади.

Қолаверса, 2021 йил 28 январда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин ўртасида видеоанжуман шаклидаги учрашув ҳам ташкил этилган эди. Ушбу учрашувга мувофиқ Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Ўзбекистон-Корея: ўзаро ҳамкорликларнинг бугунги куни ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияни Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Кан Же Квон ҳамда Кюнгдонг университети Глобал Кампус проректори профессор Ли Ёнг Сук кириш сўзи билан очиб берди.

Сўнг, конференция иштирокчилари томонидан тайёрланган маърузалар тингланди. Маърузаларда икки давлат ўртасида турли йўналишларда йўлга қўйилган ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига урғу берилди. Хусусан, Тошкентдаги Ажоу университети профессори Парк Санг Wоо томонидан “Ўзбекистонда таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш реъжаси“ мавзусида тайёрланган маъруза иштирокчилар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Бундан ташқари, Орол денгизи муаммоси, Электрон ҳукумат тизимини шакллантириш, Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатларининг истиқболлари учун академик ҳамкорликнинг ўрни масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
ЎзА