Ҳамкорликдаги ишлар таҳлил қилинди
Сирдарё тумани маҳаллаларида аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш юзасидан “Маҳалла фаолиятини тизимли ташкил этиш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари, туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда маҳалла инспекторлари иштирок этди.

Тадбирда Сирдарё тумани ҳокими А.Муҳамадиев ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Д.Ҳасанов вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ҳамда туман ҳокимлиги томонидан маҳаллаларда аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида, шунингдек, маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳамкорлик хусусида сўз юритиб, давлатимиз томонидан ҳар бир оилага, айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд, оиласида ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган оилаларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётганини таъкидлади.

Семинар иштирокчиларига тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ҳамда янги тизим бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Ушбу тадбир давомида туманда аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини ҳосил қилиш, касбга қайта ўқитиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган вазифалар ижроси борасида ҳам олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Тумандаги Оқибат маҳалласида яшовчи имконияти чекланган ҳунарманд Г.Юсупова фаолияти намуна сифатида тарғиб қилинди. Шунингдек, унга ногиронлик аравачаси топширилди.

Бундан ташқари, семинар иштирокчилари тумандаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Тадбир якунида намунали фаолият кўрсатаётган маҳалла фуқаролар йиғини раислари, уларнинг ўринбосарлари, маҳалла инспекторлари ва жамоат ишларидаги фаол вакиллар туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА