Ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилинди
Халқ таълими вазирлиги ва Британия Кенгашининг “Мактабларда инглиз тили ўқув дастурини ислоҳ қилиш соҳасидаги ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Кембридж университети (Cambridge Partnership for Education) билан биргаликда ишлаб чиқилган стратегиянинг муҳокамаси ва илк натижаларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Стратегия ўқув дастурининг тузилиши, унинг элементлари ва Ўзбекистонда халқ таълими соҳасида ушбу ўқув дастурларини жорий қилишнинг зарур босқичларини қамраб олган.
Учрашувда лойиҳа доирасида олиб борилган ишлар натижалари Халқ таълими вазирлигига, шунингдек, вазирлик тизимидаги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган барча ташкилотларга тақдим этилди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан лойиҳанинг келгуси босқичларида эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатлар белгилаб берилди.
Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар бўйича ўзаро фикр алмашилиб, истиқболли режалар белгилаб олинди. Ушбу ташаббус асосида инглиз тили ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича касбий малакаларини оширган миллий жамоа ҳам таништирилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА