Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши юзасидан белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилишини таъминлаш, фуқароларнинг таълим ва фан соҳасида истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш долзарблигича қолмоқда.
Шу ва бошқа бир қатор масалаларда ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси ва Навоий давлат педагогика институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашув доирасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган мақсадларга эришилиши ва вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилишини жамоатчилик назорати тартибида мониторинг қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.

Келишувда фуқароларнинг истеъмол маданиятини шакллантиришда кенг жамоатчилик, мутасадди ташкилот ва муассасалар, шу жумладан, профессионал, олий таълим ва фан соҳаси вакилларини жалб қилган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ҳамда оммавий тадбирларни ташкил этиш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билим савиясини ошириш белгиланган.
Шу билан бирга иккала ташкилот таълим олувчиларнинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини ошириш борасида ҳамкорлик қилиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид масалаларда турли илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб боришни ташкил этиш, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларга кенг тушунтириш ишларини ташкил қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири