Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги алоқалар тамомила янги босқичга чиқди. Икки давлатнинг ҳамкорлиги савдо иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар йўналишларда ҳар томонлама самарали бўлмоқда. Хусусан, бу ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этяпти.
Айни пайтда юртимизда узумчилик тармоғини ривожлантириш, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, виночилик саноатида замонавий усулларни татбиқ қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб Бухорода етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш жараёнлари кўлами ҳам ортяпти.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида” ги қарори асосида вилоятдаги йирик корхоналардан саналган “Шохруд” акциядорлик жамияти ҳам “Замонавий технологиялар орқали эман бочкаларни ишлаб чиқариш” лойиҳасини илгари сурган эди. Ушбу лойиҳа Венгрия давлати билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди.
– Давлатимиз раҳбарининг Венгрияга ташрифидан кейин ўзаро иқтисодий алоқалар ривожланди, – дейди “Шохруд” акциядорлик жамиятининг бош энергетиги Баҳодир Тоҳиров. – Биз ҳам ташрифдан фойдаланган ҳолда Венгрияда ишлаб чиқарадиган эман бочкаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни бошлаган эдик. Натижада лойиҳанинг 50 фоиз маблағини қўшган ҳолда инвестор топилди. “Шохруд” акциядорлик жамияти ходимларининг 5 нафари Венгрияда бир ой давомида малака ошириб қайтди. Айни пайтда шу лойиҳа бўйича ускуналар олиб келинмоқда. Шартномалар тузилмоқда. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 800 минг АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳанинг тугалланиш санаси 2023 йилнинг охирида мўлжалланяпти. Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгандан кейин қўшимча 50 иш ўрни яратилади.
Ҳозирда “Ҳан вайн” Ўзбекистон – Венгрия қўшма корхонасини ишга тушириш учун барча технологик жараёнлар амалга оширилди. Эътиборли томони эман бочкаларда тайёрланадиган маҳсулотга бугунданоқ хориж бозорида талаб жуда юқори.
– Бизнинг заводимиз ҳозирги замонавий технология асосида ишлаб чиқарилган эман бочкаларида ўзининг яъни спирт, коняк маҳсулотларини сақлаб келмоқда, –дейди корхона бўлим бошлиғи Акбар Авезов. – Бочкаларнинг афзаллик жиҳатлари маҳсулотни сифат даражасида сақлайди.
Жамият томонидан Венгриянинг соҳада етакчи корхоналари билан янги лойиҳалар бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Кейинги босқичларда Европа стандартларига жавоб берувчи тайёр масҳулотлар ҳажмини кўпайтириш назарда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА