Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорлиги доирасида 2020-2021 йиллар давомида Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг мутахассислик фанлари бўйича 400 нафарга яқин педагог ходимининг малакаси оширилди.
Ўқув машғулотларининг амалиётлари соҳа хусусиятидан келиб чиқиб, музей ва кўргазма заллари, шунингдек, таниқли рассомларнинг ижодий устахоналарида кўчма-амалий шаклда олиб борилди.
Бадиий таълим сифатини янада ривожлантириш соҳасидаги амалий ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов ва А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти раҳбари Аюбхон Раджиев келишувига биноан Бадиий академия тизимидаги 15 та ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳамда мактаб-интернатлари директорлари, директорнинг маънавий-маърифий, ўқув ишлари, касбий таълим ишлари ҳамда хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларининг малакасини ошириш режалаштирилди.
Файзулло Яҳёев, УзА