Ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда
Венгриянинг “ОТБ Банк гроуп” компаниясига қарашли “Яшил Ферма ФЕ ЛЛС” ташкилоти билан Гулистон давлат университети ҳамкорлик қилади.
Бундан кўзланган мақсад венгрияликлар хорижий инвестиция асосида Сирдарё вилоятида товуқ фермалари ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарини барпо этади, университет эса барпо этилиши ва ишга туширилиши кўзда тутилган корхонанинг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга ёрдам беради.
Бу тўғрида Гулистон давлат университети ректори билан Венгриянинг “Яшил Ferma FE LLС” компаниясининг Ўзбекистондаги лойиҳалар стратегияси бўйича директори Велош Янош, ходимларни саралаш бўйича HR бошқарувчиси Меслени Ференс ҳамда Ўзбекистондаги савдо лойиҳалари бошлиғи Фазакал Золтанлардан иборат делегация ўртасида халқаро ҳамкорлик алоқалари доирасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
[gallery-21710]
Хорижлик меҳмонлар Сирдарёда ишга туширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа , уни ривожлантириш стратегияси тўғрисида сўз юритган бўлса, университет ректори М. Ходжиев университет тарихи, уни янада ривожлантириш борасида келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган истиқболдаги режалар ҳамда бугунги кундаги мавжуд таълим йўналишлари ҳақида батафсилроқ маълумот берди.
–Бу учрашув университетимиз ва халқаро ҳамкорлар ўртасида илмий-инновацион ҳамкорликни йўлга қўйишда аҳамиятлидир. Келгусида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш билан бирга озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки қайта ишлаш соҳасидаги инновацион лойиҳаларни амалга оширишда катта имконият яратади, – дейди университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ориф Муродов.
Ташриф якунида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва келгусида истиқболли режаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири