Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, шоир ва драматург Ҳамид Олимжон таваллудининг 115 йиллиги Жиззах вилоятидаги умумтаълим мактабларида, олий таълим муассасаларида кенг нишонланди.

Шоир туғилиб ўсган Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги Ижод мактабида ўтказилган адабий-бадиий кечада шоир ижодининг ўзбек шеъриятида тутган ўрни, буюк шоир, драматург, публицист ва жамоат арбоби ҳақида ўнлаб китоблар, мақолалар ёзилганлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳамид Олимжон 12 ёшида қалам тебратган, 20 ёшида элга танилган, 25 ёшида хориж матбуотида номи тез-тез тилга олина бошланган, 30 ёшида ўзбек ёзувчиларининг иродали раҳбари даражасига кўтарилган ва 35 ёшга тўлмай (1944 йил) йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган.

Шоиринг “Кўклам” номли илк шеърий тўплами нашр этилганида у 20 ёшга ҳам тўлмаган эди. Шунингдек, “Олов сочлар”, “Шеърлар”, “Қўлингга қурол ол!”, “Она ва ўғил”, “Ишонч” шеърлари, “Тонг шабадаси” ҳикоялар тўплами ҳамда “Зайнаб ва Омон” достони нашр этилган. Ҳамид Олимжоннинг халқ орасида машҳур ва маълум бўлган “Зайнаб ва Омон”, “Семурғ” каби асарларини ўқувчилар ҳали -ҳамон севиб мутолаа қилиб келади. У ўз ижодида инсонийлик, севги, ва юртга садоқат, баҳор мавзуларини теран тасвирлай билган.

Шоир рус ва чет эл адабиётидан қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилган моҳир таржимон ҳамдир.
“Энг гуллаган ёшлик чоғимда” ва баҳорнинг мумтоз таронаси бўлган “Новдаларни безаб ғунчалар” деб бошланувчи қўшиқлар Ҳамид Олимжон истеъдодининг мангу тараннумидир.
Кечада ўқувчилар томонидан Ҳамид Олимжон ижодидан намуналар ўқилди, унинг асарларидан саҳнавий кўринишлар намойиш этилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири