Хамаснинг янги таклифи қабул қилинмади
Хамас Исроилга Қатар ва Миср воситачилари орқали асирларни алмашиш бўйича янги келишув таклиф қилди, бироқ Тель – Авив буни рад этди, деб хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.
Исроилнинг “Walla News” сайти исмини ошкор этмаган исроиллик расмийларга таянган ҳолда хабар беришича, Фаластин ҳаракати маҳбуслар алмашинуви бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирган.
Хамас режаси уч босқичда амалга оширилишини кўзда тутади: энг аввало Исроил блокададаги Ғазо секторидан қўшинларини олиб чиқишни бошлаши ва 40 нафар маҳбусни озод қилиши керак, дейилади ҳисоботда. Режанинг тўлиқ амалга оширилиши Ғазода асирга олинган исроиллик ҳарбий хизматчиларни озод қилишни ва “урушнинг тугашини” ўз ичига олади.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси Хамас таклифини кўриб чиқиб, рад этишга қарор қилган ва воситачилардан “мақбулроқ таклифлар”ни билдириш сўралган.
Музокаралар тўлиқ тўхтатилгани йўқ, аммо жиддий силжиш ҳам йўқ, дейилади хабарда.
Исроилнинг Ғазога уюштирган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21978 кишига етди. Ҳалок бўлганларнинг учдан икки қисми аёллар ва болалардир.