Ҳам узумзор, ҳам томорқа — икки карра даромад дегани
Ўзбекистон қуёшли ўлка, ерга нима эксанг, униб, ҳосил беради, деган гапда жон бор. Унумдор тупроқларимизда деҳқону боғбонларнинг меҳри, меҳнати билан пишиб етиладиган мазали мева-сабзавотларимиз дунёнинг ҳар бурчагида ўз харидорларига эга.
Айниқса, хусайни, тойфи, Ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш сингари узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган.
Юртимизда азалдан узумчилик анъанаси ривожланган. Ҳар бир кўча, хонадонда ток бўлган. Ток сўриларида пишиб етилган узумларни момоларимиз саватларга солиб, уй шароитида қуритган ҳолда, майизлар ҳам тайёрлаган. Халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган узумчилик давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда замонавий соҳа сифатида ривожланиб, одамларнинг даромад манбаига айланмоқда. Юртдошларимиз узумчилик юқори даромад манбаи эканини англаб, уни катта майдонларда етиштиришни йўлга қўйиш орқали ризқ топяпти, минглаб инсонларни иш билан таъминлаяпти.
Бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилаётган бўлса, тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд. Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди.
Соҳани янада ривожлантириш, узумчилик билан шуғулланишни кўзлаган юртдошларимизга имтиёзлар бериш мақсадида жорий йилнинг 28 июль куни «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унда 2021 йил 1 сентябрдан аҳоли томорқалари, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш белгиланди. Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштириладиган бўлди. Мазкур туманлардаги 156 минг гектар майдонда жумладан, 25,5 минг гектарга аҳоли томорқаларида серҳосил, экспортбоп узумзорлар барпо этилиб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизим яратилади.
Айни пайтда ана шу ишларни ташкиллаштириш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фаол ишлар олиб борилмоқда. 2021 йил куз ойи ва 2022 йил баҳор ойларида республикадаги 48 та тумандаги 658 минг аҳоли томорқаларига 25,7 минг дона серҳосил, экспортбоп узум навларини экиш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди.
Ўрганишлар жараёнида одамларнинг узумчиликка бўлган қизиқиши ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, турли кўринишдаги енгиллик ва имтиёзлар боғдорчиликда суяги қотган юртдошларимизни янада руҳлантирди, асосий даромади узумчиликдан бўлган миришкорларни ўз ишидан қониқмаслик ва яна илдам қадамлар билан одимлашга ундади. Бугун шу йўналишда меҳнат қилаётган миришкор фермерлар, боғбонлар, томорқа ер эгалари ҳамда оилавий деҳқон хўжаликларининг саъй-ҳаракатлари билан ёзнинг бошидан токи кеч кузгача, буёғи қаҳратон қишда ҳам дастурхонларимиздан узум аримайди. Юртимизда мева-сабзавотлар тўкинлигида, айниқса, аҳоли томорқалари муҳим манбага айланяпти.
Фарғона боғдорчилик, хусусан, узумчиликда катта тажрибага эга вилоятлардан. Аксарият хонадонлар узумни бозордан харид қилмайди. Ҳовлисида пишиб етилган ҳосилни истеъмол қилиб, ҳатто, ортганини сотувга олиб чиқади. Олтиариқ туманида яшовчи Адҳамжон ака Маҳкамов 14 сотих томорқасига 375 дона ҳусайни, дамский, мерс, Ризамат ота сингари узум навларини эккан. Ҳар йили узумдан 6-7 тонна ҳосил олиб, 60-65 миллион сўм даромад топяпти. Хонадон эгаси ток тагидаги ерни ҳам бўш қолдирмайди. Майдонга ишлов бериб, куз ойларида тўқсонбоси усулида саримсоқпиёз ва ҳар хил турдаги кўкатлар экади. Баҳор ойларида йиғиб оладиган 1 тонна ҳосилидан 2,5—3 миллион сўм қўшимча даромади бор.
Узум жой танламайди, ҳамма ерда ўсиб кетаверади. Ота-боболаримиз айтганидек, меҳр, парвариш бўлса бўлгани. Ерга экилган ток кўчати бир неча ўн йилларгача ҳосил бериши мумкин. Улар ортиқча сув ҳам талаб қилмайди, йилда 2 ёки 3 марта сув ичса кифоя. Дунёда бундай неъмат йўқ.

Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланади.
Бугун юртимизда ҳудудлар узумчиликка ихтисослаштириляпти. Бу бир маҳалла, бир туман миқёсида сифатли, экспортбоп узум маҳсулотларини етиштиришга йўл дегани. Пискент туманининг «Мингтепа», «Бекобод», «Янгиобод» ва «Бирлик» маҳаллаларида деярли ҳар бир хонадонда ток сўриларда узум етиштирилади. Мингтепанинг эртапишар чиллаки, оқ чиллакилари, ширага тўлиб, қишгача сақланадиган хусайни, кади хусайнилари, ғоят хуштаъм, майизбоп шувилғон (кишмиш)лари нафақат Ўзбекистон, балки хориж давлатларида ҳам машҳур.
Паркент узумларинику, айтмаса ҳам бўлади. Ҳудудда фермер хўжаликларидан тортиб, оддий аҳолигача узум етиштиришда катта тажрибага эга. Шу туманда истиқомат қиладиган Меҳриддин ака Ўролов ҳам 8 сотих томорқасида 198 дона тоифи, кишмиш, Ризамат ота каби узум навларини етиштиради. Ҳар йили узумдан 7-8 тонна ҳосил олиб, 50—55 миллион сўм даромад топаётган бу инсон ток тагидаги бўш ердан унумли фойдаланишни ҳам йўлга қўйган.
Умуман, тадбиркорлик қилишга иштиёқи ва даромади бор одамлар кенг даштларни ўзлаштириб, токзорга айлантиришга қўрқмасдан бел боғламоқда. Чунки узумчиликнинг келажаги бор, даромади бор, маблағ тикса, ўзини оқлайдиган, меҳнат қилса, кўзланганидан ортиқ натижа берадиган, ҳосил ва даромадни кўп куттирмайдиган соҳа ҳисобланади. Муҳими, ушбу йўналишга давлат томонидан катта эътибор қаратилиб, зарур ресурслар муҳайё қилинмоқда, кенг имкониятлар яратиляпти. Бу эса деҳқон ва фермерларга, томорқа ер эгаларига катта рағбат бераётгани рост.
Бунинг натижасида мамлакатимизда узум ҳамда майиз экспорти бўйича кўрсаткичлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистон 43 та хорижий давлатларга қиймати 105,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қарийб 140 минг тонна узум экспорт қилган.
Жорий йил 7 июль куни Президентимиз узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, бугунги бозор талаби таҳлил қилинганида, узумчилик соҳасида жуда катта имкониятлар борлиги кўзга ташланади. Европада 800 миллион, Хитойда 600 миллион, Россияда 300 миллион, Ҳиндистонда 250 миллион долларлик экспорт бозори мавжуд. Шу вақтгача уста боғбонларимиз етиштирган машҳур ва сарҳил меваларимиз қайта ишланмаган, шундоққина бозор расталаридан жой олган. Энди эса уларни қайта ишлаш, тайёр, эспортбоп товарлар сонини кўпайтириш, республикамизни эса арзон ва сара мева-сабзавот таъминотчисидан саноати ривожланган давлат сифатида дунёга танитиш йўлида залворли вазифалар амалга ошириляпти. Бунинг учун манзилли молиявий кўмак кўрсатилиши белгиланган. Хусусан, юқоридаги Президент қарори билан узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилди. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади.
Узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик кластерларини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Соҳа имкониятларидан фойдаланган ҳолда, 2021—2023 йилларда умумий қиймати 3,2 триллион сўмлик 4 724 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 50 мингта янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тармоқни тубдан такомиллаштириш, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган узумчилик анъаналарини янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу чора-тадбирлар юртимиз узум навларининг миллий брендини яратиш, уларни хориж давлатларида тарғиб этиб, экспорт кўламини кенгайтириш, қолаверса, узумчиликнинг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожидаги улушини оширишга хизмат қилади.
Элмурод МАМАРАҲИМОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси