Халққа энг яқин маскан: маҳалла бошқарувида янги давр, юксак масъулият ва эзгу мақсадлар
Бугун мамлакатимиздаги тараққиёт ва янгиланиш суръатларини кузатган ҳар бир юртдошимиз ягона бир ҳақиқатни теран англаб етмоқда, амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, қабул қилинаётган ҳар бир фармон ва қарор, энг аввало, одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг кундалик ташвишларини енгиллатишга қаратилган. Бу бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил шунчаки жозибадор шиор эмас, балки амалий ишларнинг бош мезонига айланди.
Инсон қадри, унинг қувончу ташвиши, орзу-интилишлари эса, аввало, у яшаб турган маҳаллада намоён бўлади. Сабаби, маҳалла – жамиятимизнинг минг йиллик тарихига эга бўлган ноёб қадрияти, бағрикенглик, аҳиллик ва меҳр-оқибат масканидир. Ўтган ҳафтада Президентимиз раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ана шу тарихий масканни замонавий ва самарали бошқарув тизимига айлантириш йўлидаги яна бир улкан қадам бўлди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, охирги йилларда маҳалла институтини мустаҳкамлаш, уни ҳақиқий маҳаллий бошқарув органларига айлантириш бўйича мисли кўрилмаган молиявий манбалар ажратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида инфратузилмани яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун муносиб шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, ҳар бир маҳаллага эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилганининг ўзиёқ давлатнинг бу борадаги юксак эътибори ва катта ишончидан далолат беради.

Бундан ташқари, туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушумлар бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Бунинг натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромадлар 2 баробаргача кўпайди. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ шаклланган бўлса, маҳаллаларнинг ўз бюджетига ўртача 150-200 миллион сўмдан тўғридан-тўғри тушди.
Бироқ, ўрганиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи жойларда берилган кенг имкониятларга қарамай, лоқайдлик ва лозим даражада ташкилотчиликнинг йўқлиги сабабли муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаяпти. Биргина жорий йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари орқали 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 дан ортиқ мурожаат тушгани маҳаллий раҳбарларнинг ўз вазифасига қанчалик юзаки ёндашаётганидан далолатдир.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ажратилган 7,5 триллион сўмлик улкан маблағга қарамай, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб чиқмагани, кичик лойиҳалар учун банклар томонидан 6 ойда 18,5 триллион сўм ресурслар эвазига 110 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 259 минг киши иш билан таъминланган бир пайтда, 47 та маҳаллада бор-йўғи 2 тадангина лойиҳа амалга оширилгани қаттиқ танқид қилинди.
Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон маҳалла бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш ва уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Унга кўра, эндиликда маҳалла раиси шунчаки шу ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни қайд этиб ўтирувчи кузатувчи эмас, балки ўз ҳудудининг ҳақиқий “иқтисодий буюртмачиси” ва мутлақ бошқарувчисига айланади.
Янги тизимга кўра, маҳалла раислари ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси сифатида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича лойиҳалар шакллантириб, тегишли идораларга вазифа қўйиш, хусусий инфратузилма объектлари учун бўш ерларни бевосита аукционга чиқариш, “маҳалла еттилиги” ходимларининг иш режаларини тасдиқлаб, улар ижросини талаб қилиш каби кенг ваколатларга эга бўлмоқда. Шунингдек, аҳоли даромади ва ҳудуд ободончилигига қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун жами 240 миллиард сўмлик манба ҳисобидан ҳар бир лойиҳага 10 миллион сўмдан грант берилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, “маҳалла еттилиги” фаолиятини тизимли ва илмий асосда ташкил этиш, уларнинг малакасини ошириш ва муаммоларга замонавий ечимлар топиш мақсадида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилмоқда. Бу институт “еттилик” ходимлари учун ҳақиқий маҳорат ва билим мактабига айланади.
Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини оширишда маҳалла банкирларининг ўрни ва иш услуби тубдан ўзгартирилмоқда. Эндиликда бир маҳалла банкирига кўпи билан 3 та маҳалла бириктирилади. Улар шунчаки кредит ажратиб ўтирмасдан, ҳудуднинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлайди, тадбиркорларни топиб, даромадли лойиҳаларни кўпайтиради.
Маҳалла банкири ҳудуддаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, бўш иш ўринлари ва касбларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди, сўнг бандлик бўлимларига буюртма бериб, ишсизларни шу йўналишда ўқитади ва кафолатли ишга жойлаштиради. Айниқса, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган қўшимча 2 триллион сўмлик имтиёзли ресурс ҳамда “оғир” маҳаллалар учун кредит ставкасининг 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилгани аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришда катта имкониятдир.
Шунингдек, маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида нотурар объектлардан тушадиган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи бевосита маҳалланинг ўзига ажратилиб, уларнинг тасарруфида йилига қўшимча 400 миллиард сўм маблағ қолдирилади. Тадбиркорлик ва бандликни таъминлашда энг юқори кўрсаткичларга эришган 200 та маҳалла 2 миллиард сўмдан мукофотланиши эвазига маҳаллалар бюджети тушумини жорий йилда 1 триллион 600 миллиард сўмга, келгуси йилдан эса 2 триллион сўмга етказиш кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, мазкур ислоҳотлар оддий инсонлар ҳаётида, энг аввало, кундалик муаммоларнинг юқори идораларга сарсон бўлмай, айнан ўз маҳалласида тез ва манзилли ҳал этилишида намоён бўлади. Оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитлар ва касбга ўқитиш тизимининг уй бўсағасигача кириб келиши ишсиз юрган фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга барқарор даромад манбаини яратиб беради.
Шу билан бирга, маҳалла бюджетининг мустаҳкамланиши ва “Ташаббусли бюджет” имкониятлари ҳисобига йўллар, сув ва электр тармоқлари, боғча ва спорт майдончалари каби инфратузилма масалалари тўғридан-тўғри аҳолининг хоҳиши асосида обод қилинади. Энг муҳими, ижтимоий ёрдамлар ва давлат хизматларининг шаффоф тарзда маҳалланинг ўзида кўрсатилиши бюрократияни камайтириб, фуқароларда давлатга ва эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Берилаётган бундай катта ресурс ва ишончга жавобан ҳар бир маҳаллий раҳбардан юксак масъулият ва фидойилик талаб этилади, чунки амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг пировард натижаси ва одамларнинг розилиги, энг аввало, маҳалладаги ўзгаришларда ўз аксини топади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА