Халқни рози қилиш – олий мақсадимиз
Ҳар қандай тараққиётнинг омили бу янгилик, янгиланишлар сари интилишдир. Биз бежизга “Янги Ўзбекистон” иборасини ишлатмаяпмиз.
Чунки мамлакат ҳаёти мутлақо янгиланишни тақозо этяпти. Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий муаммолар номигагина “ҳал этилиб” келинди, муаммоларнинг туб илдизи эса ўрганилмади. Жумладан, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасида анчагина муаммолар йиғилиб қолган эди.
Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти соғлиқни сақлаш соҳасида кескин бурилишларга туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди. Президент ислоҳотларнинг халқчиллигини, улар ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун хизмат қилиши кераклигини кўрсатиб бераяпти. Шу боис ҳам “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!” деган шиор ўртага ташланди.
Албатта, гап шиорларда эмас, гап уларнинг моҳиятини оммага етказишда. Инсон қадри, деганда биз нимани тушунамиз? Қадр – энг юксак тушунча. У бўлмаса, инсоннинг инсонлиги аҳамият касб этмай қолади. Шунинг учун Президентимиз айтмоқчи, биз ҳар бир ҳаракатимизнинг йўналишини аввало инсон қадрини кўтаришга, уни улуғлашга қаратишимиз керак. Масалан, очиқ мулоқот чоғида бугунги Ўзбекистон тиббиётининг эътибор қаратилиши керак бўлган 7 та йўналиши белгилаб берилди.
Шулардан биринчисини олиб қарайлик. Бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш. Бу нима дегани? Сир эмас, бундан бир неча йиллар олдин мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимида “оптималлаштириш” ўтказилиб, қишлоқлардаги аҳолига хизмат кўрсатадиган амбулаториялар сони деярли ярмига қисқатириб юборилган эди.
Табиийки, маблағларни тежаш мақсадида қилинган бу иш аҳоли учун яна ноқулайликларни келтириб чиқарди. Одамлар 5-6 километр, ҳатто айрим жойларда ўн-йигирма километрлаб масофага шифокор кўригига боришга мажбур бўлди. “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бирламчи тиббий хизмат пункти 3 километр узоқликда ёки пиёда боришда 20 дақиқалик масофани ташкил этиши керак, – деб эслатди Шавкат Миромонович. – Шу боис, жойларда фуқароларга тез, қулай ва сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилади”.
Хуллас, мамлакат тарихида илк марта ўтказилган тиббиёт ходимлари билан давлат раҳбарининг очиқ мулоқоти жуда самарали бўлди. Куни кеча Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти” да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Президент фармойиши ҳамда “Йўл харитаси” ҳам эълон қилинди. Унда мулоқот чоғида айтилган фикрлар амалий ҳаракат сифатида белгилаб берилди. Жумладан, юқоридаги масала, яъни бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш бўйича 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб берилди. 2023 йилдан бошлаб эса, жойлардаги поликлиника филиаллари негизида яна 1100 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Демак, халқ энди узоқ йўл босиб, тиббиёт пунктига бориш азиятидан қутулади, қулайликдан баҳраманд бўлади. Мана, халққа яқинлашиш, мана, инсон қадрини улуғлаш.
Албатта, очиқ мулоқотдан кейин эълон қилинган “Йўл харитаси” да етти йўналиш бўйича белгиланган ҳар бир вазифа зиммамизга катта масъулият юклайди. Бунда нафақат соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, балки халқимиз саломатлигини, инсон қадрини муқаддас деб, унга ҳисса қўшишни ватанпарварлик бурчи деб билган барча давлат органлари иштирок этади. Зеро, Президентимиз айтганларидек, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган пайт келди.
Аскар Баҳронов,
Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
ЎзА