Халқимиз юрт келажаги учун овоз бермоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий сайлов округи Навоий шаҳрида тузилган 56 сайлов участкаларида бугун эрталаб соат 8.00 да овоз бериш жараёнлари бошланди. Овоз бериш Сайлов кодексида белгиланган талаблар асосида амалга оширилмоқда.
Сайловчиларнинг электрон рўйхати асосидаги охирги маълумотларга кўра, Навоий шаҳрида сайловчиларнинг умумий сони 92 минг 867 нафарни, жумладан, биринчи марта сайловда қатнашувчи ёшлар 563 нафарни ташкил этмоқда.

Шаҳар марказидаги 3-сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари аҳолининг фаол иштироки билан бошланди. Унда шаҳар ҳокими Муратхон Эгамқулов ҳам қатнашиб, овоз берди.
– Президент сайлови Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини белгилаб берадиган сиёсий тадбир, – деди шаҳар ҳокими. – Бугун шаҳримиз аҳолиси эрталабдан сайлов участкасига келиб, фарзандларимиз келажаги учун ўзлари танлаган муносиб номзодга овоз бермоқда. Улар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг юртимиз келажаги, эртанги кунимизга бефарқ эмаслигидан хурсанд бўлдик.

Абдували Бўриев, ЎзА