Халқимиз энг муносиб етакчига овоз беради
Самарқанд давлат университети талаба-ёшларидан иборат сайлов тарғиботи гуруҳи Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши аъзолари билан биргаликда Пахтачи туманидаги сайловчилар билан учрашди.
Тарғибот гуруҳи Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Шерали Юлдашев ташаббуси билан ташкил этилди.
Тарғиботчилар туман аҳлини ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури мазмун-моҳияти билан таништирди. Сайлов тарғиботига оид флешмоб уюштирилиб, тумандаги бир қатор маҳаллаларга сайлов материаллари, дастурлар тарқатилди.
– Сўнгги беш йил Ўзбекистонда туб ислоҳотлар даври бўлди. Барча соҳада аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар замирида халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғоя ўз аксини топди. Барча муаммоларнинг ечими, қулф-калити бўлган таълим тизимида ўзгаришлар бошланди. Иқтисодиёт ривожланмоқда, халқаро алоқалар, қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланди.
Ёшлар учун кўплаб имтиёзлар берилди. Биз сайловда ўзимиз муносиб топган номзодга овоз берамиз, – деди Самарқанд давлат университети ёшлар етакчиси Аллаёр Норбоев.
– Мен талаба сифатида ёшларга олий ўқув юртига киришда қатор енгилликлар берилаётганини таъкидламоқчиман, – дейди Самарқанд давлат университети талабаси Комила Мардонова.
– Мен олий ўқув юртига кириш учун етти йил ҳужжат топширганман. Асосийси мақсадимдан чекинмадим. Натижада орзуимга эришиб талаба бўлдим. Сўнгги йилларда нафақат таълим, балки бошқа соҳаларда ҳам кўплаб ютуқларга эришдик. Қишлоқларда ҳаёт тарзи ўзгарди. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадри улуғланаётганидан далолат. Мен барча ёшларимизни сайловда фаол бўлишга чорлайман.
– Вилоятимизнинг бошқа ҳудудлари қатори Пахтачи тумани ҳам кундан кунга чирой очиб бормоқда, – дейди Самарқанд давлат университети талабаси Акмал Насимов.
– Туман сайловчилари билан учрашув менда ўзгача таассурот қолдирди. Одамларнинг кайфияти аъло даражада, руҳи баланд.
Чунки бугунги одамлар кечаги сайловчилар эмас. Уларнинг сайлов бўйича ўз фикрлари, қарашлари бор, ҳар бир номзод илгари сураётган ташаббуслар қайси бири реалроқ эканини яхши билади. Мен ўйлайманки, 24 октябрда бўладиган Президентлик сайлови юртимиз тарихидаги энг яхши сайлов сифатида ёдда қолади, халқимиз энг муносиб етакчига овоз беради.
Беҳруз Шамсиддинов,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими