ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия Матбуот котиби Одилжон Тожиев билан умумхалқ муҳокамаси, ундаги таклифлар, фикр-мулоҳазалар ҳамда бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.
– Маълумки, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси шу йилнинг 15 июлига қадар узайтирилди. Бунга қандай эҳтиёжлар сабаб бўлди?
– Хабарингиз бор, парламент палаталари Кенгашлари томонидан конституциявий ислоҳотларга старт берилиши билан Конституциявий комиссия тузилган эди.
Комиссияга «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган ғоя асосида ўз фаолиятини юритиш, аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш, бундан ташқари, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш борасидаги вазифалар қўйилганди. Конституциявий комиссия ўз ишини самарали ташкил этмоқда.
Конституциявий комиссия томонидан Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш бўйича ноёб миллий тажриба шакллантирилди, яъни ислоҳотларга мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига фикр билдириш, таклифини йўллашга имконият яратиб берилди.
20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига киритилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этгандилар.
Шундан сўнг, 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган ялпи мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини 25 июндан то 5 июлга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйиш билан боғлиқ қарор қабул қилинди.
Ҳозир нега гапни узоқроқдан бошлаганимни, яъни конституциявий ислоҳотларга старт берилганидан то умумхалқ муҳокамасига қўйилишига қадар олиб борилган жараёнга тўхталганимнинг сабабини айтаман.
Гап шундаки, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ажратилган 10 кунда халқимиздан келиб тушган таклифлар сони қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига қадар, яъни қарийб бир ойлик муддатда келиб тушган таклифлар сонидан ҳам ошиб кетди.
Тасаввур қилинг, Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши учун ажратилган 1 ойлик муддатда 62 мингдан зиёд таклиф, ғоялар келиб тушди. Албатта, бу жуда катта кўрсаткич. Таклифларни ўрганиб, саралаб, уларни умумлаштириш ва норма шаклига келтиришнинг ўзи қанчадан-қанча меҳнат ва ресурсни талаб қилди.
Энди, конституциявий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи — Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси учун ажратилган 10 кунлик муддатда эса халқимиздан 57 мингдан, бугунги кунга келиб эса 70 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.
Таклифлар сони ўсиши динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганида ҳам, унинг умумхалқ муҳокамасида ҳам халқимиз фикр, таклиф билдиришда ўз фаоллигини, юксак ҳуқуқий маданиятини намоён қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, таклифлар сони ва салмоғи ошиб бораётганлиги тенденциясини кузатган парламент аъзолари томонидан Конституциявий қонун лойиҳасини янада маромига етказиш, чин маънодаги пишиқ, пухта ҳужжатга айланиши учун ўн кунлик муддат камлик қилиши қайд этилди.
Бош қонунимиз миллатнинг юзи, халқнинг эрки ифодаси, уни такомилига етказишда шошмашошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Зотан, халқимиз Бош қомусимизни ўз ҳаётий манфаатлари муҳрланган қалқон сифатида ардоқлашига эришишимиз керак.
– Айтингчи, шу пайтгача қонун лойиҳаси бўйича қанча таклиф келиб тушди ва энг кўп таклифлар қандай йўналишларга оид?
– Таклифлар Конституциявий қонун лойиҳасининг моддалари кесимида таснифланиб, таҳлил қилинмоқда. Келиб тушаётган таклифларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп таклифлар лойиҳанинг 1, 26, 40, 41, 90, 99, 100, 101 ва 102-моддалари бўйича келиб тушмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, таклифларни бериш жараёнида барча ҳудуддаги фуқаролар фаол иштирок этишмоқда. Бу борада, айниқса, Тошкент шаҳри, Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларидан бошқа вилоятларга қараганда кўплаб таклифлар келиб тушмоқда.
Жараёнда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслар билан фаол иштирок этаётганлиги таҳсинга сазовордир. Хусусан, келиб тушган таклифларнинг 71 фоизи ёки 49 минг 356 таси ўттиз ёшгача бўлган фуқаролардан, қолган 29 фоиз ёки 20 минг 159 та таклиф аҳолининг ўрта ва катта қатламидан келганлигини қайд этиш жоиз.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнида эркаклар аёлларга нисбатан анча фаол бўлиб, 39 минг 707 та таклифнинг ташаббускори эркаклар, 25 минг 181 таси эса аёллардир, шунингдек, 3 минг 628 та таклиф аноним тарзда келиб тушган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, таклифларни берган энг кичик ёш – 17 ёш бўлса, энг катта ёш – 95 ёшни ташкил этади. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида жамиятимиздаги барча қатлам вакиллари Ватанимиз ва халқимиз тараққиётига бефарқ бўлмай, ўз ташаббусларини фаол равишда илгари суришаётганлиги қувонарли ҳолдир.
– Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим ҳамюртларимиз Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгач, Конституциявий комиссия аъзоларининг «миссия»си тугади, уларнинг ўрни сезилмаяпти, деган фикрларни билдиришяпти. Бу масалага қандай изоҳ бера оласиз? Ҳақиқатан ҳам Конституциявий комиссия ўз фаолиятини тўхтатдими?
– Биз ҳам бу каби ноўрин хулосалар, «де-факто» нуқтаи назарларни эшитиб, ўқиб турибмиз. Ҳатто Конституциявий комиссия сустлашишида Қорақалпоғистондаги вазият ҳам сабаб бўлди, деганлар ҳам учраб турибди.
Аввало, ҳар кимнинг эркин фикр билдиришдек конституциявий ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда айтиш керак, кенг жамоатчиликка тақдим этилган ҳар бир хулоса асосида чуқур таҳлил ва тизимлаштирилган маълумотлар акс эттирилиши керак.
Энди саволингизнинг иккинчи қисмига ўтсак. Конституциявий комиссиянинг номига эътибор берсангиз «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия» деб номланади. Яъни унинг асосий вазифаси фуқаролардан келаётган таклифларни шакллантиришдан иборат эди. Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилган таклифлар асосида Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчилик ташаббуси тартибида парламент қуйи палатасига лойиҳани киритди. Қайсидир маънода биринчи босқич якунланди. Эндиликда лойиҳа парламент ваколатлари доирасида, унинг регламентига асосан кўриб чиқилади ва унинг учун масъул қўмиталар этиб Қонунчилик палатасидаги Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари белгиланган. Конституциявий комиссия эса фаолиятини тўхтатмаган, балки масъул қўмиталарга кўмаклашмоқда.
Жаҳон конституционализми амалиётига кўра, конституциявий ислоҳотлар жараёнида тузилган махсус органлар муайян конституция қабул қилиниши ёки унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар расмий кучга киргунга қадар ўз фаолиятини давом эттиришини кўришимиз мумкин. Бизда ҳам мазкур илғор тажрибадан унумли фойдаланиляпти.
Конституциявий комиссия фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларда ҳам Конституциявий комиссия Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тегишли қонун қабул қилиниб, расмий эълон қилингунга қадар фаолият юритиши белгиланган.
Кимда бу борада очиқ савол бўлса, Конституциявий комиссияга, шу жумладан Матбуот хизматига ҳам мурожаат қилиши мумкин.
«Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан қонун лойиҳалари юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб бориш, тушаётган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириш, ўрганиб чиқиш ва таҳлил этиш, таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини маромига етказиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталари ваколатига киради.
Конституциявий комиссиянинг 47 нафар аъзоси, қолаверса, Комиссия ҳузуридаги Таклифлар билан ишлаш гуруҳи ҳамда Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи аъзолари, экспертлар гуруҳи вакиллари Қонунчилик палатасидаги мазкур қонун лойиҳаси учун масъул этиб белгиланган қўмиталар депутатлари билан доимий ҳамкорликда ишлаб келишмоқда.
Кенг жамоатчиликка деярли ҳар куни, ҳар ҳафтада лойиҳа бўйича келиб тушаётган таклифлар ҳақида маълумот беряпмиз. Шу таклифларни ким қабул қиляпти ёки саралаяпти? Албатта, юқоридаги икки масъул қўмита Конституциянинг у ёки бу нормаларига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини шарҳлашда, асослашда Йиғма ахборот таҳлил гуруҳи аъзоларидан ўтадигани йўқ, тўғриси. Улар депутатлар билан бирдек умумхалқ муҳокамаларида фаол иштирок этиб келишяпти.
Конституциявий комиссиянинг аъзолари Қонунчилик палатасидаги Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилишлари, ишчи тартибда ўтказилаётган муҳокамаларда депутатлар билан бир сафда қонун лойиҳасидаги ҳар бир модда бўйича қизғин муҳокамаларда қатнашишяпти.
Ўрни келганда айтиш керак, Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалардан чуқур ташвишланди. Нукус шаҳрида юз берган тартиббузарликлар оқибатида ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқариш мақсадида Конституциявий қонун лойиҳасидаги айрим моддалар юзасидан иғво тарқатиш, популистик шиорларни ниқоб қилиб, фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилишга уриниш ҳолатларини кескин қоралаймиз.
– Юқорида ҳам қисқача тўхталдингиз, яқинда депутатлар ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашиб қайтишди. Халқимиз Конституциямизга киритилаётган ўзгаришларни қандай қабул қиляпти, бу ўзгаришларга нисбатан муносабати, кайфияти қанақа?
– Аввало айтиш керак, биз, депутатлар ҳудудлардаги сайловчилар ҳузурига борганда конституциявий ислоҳотлар ҳақида баландпарвоз сўзлардан иборат узундан-узун маъруза билан нутқ сўзлаш амалиётидан воз кечдик. Чинакамига халқ Конституцияси халқимизга тушунарли, тўғридан-тўғри ишлайдиган, олий юридик кучга эга Бош ҳужжатга айланишида сайловчилар билан жонли учрашувларнинг аҳамияти катта.
Самимий мулоқотларда аҳолимизнинг ҳақиқий кайфияти, фикрлаши, дунёқараши яққол кўзга ташланади. Бундай учрашувларда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида бўлаётгани таъкидланиб, Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда илгари сурган таклифлари ва ғоялари кенг жамоатчилик томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда.
Умумхалқ муҳокамасининг илк ўн кунлигида парламент аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ҳудудларда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жами 120 минг нафар фуқаро иштирокида ўтказилган 2 мингдан зиёд учрашувда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда ҳам Қонунчилик палатасининг барча депутатлари ўз сайлов округларида муҳокамалар ва тарғибот тадбирларини фаол тарзда давом эттиришмоқда.
Умумхалқ муҳокамасидаги таклифлар нафақат юзма-юз учрашувлар, бевосита қабуллар давомида, балки “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси ёки 1341 қисқа рақами орқали ҳам қабул қилиняпти.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, умумхалқ муҳокамасининг дастлабки кунларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар кунига 700 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, уларнинг сони кунига 10 мингдан ошмоқда.
Ушбу рақамлар умумхалқ муҳокамаси аҳолининг мазкур сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ошиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Мазкур умумхалқ муҳокамасининг ўзига хослиги шундаки, қонун лойиҳаси билан киритилиши таклиф этилган ўзгартишлар халқимизга батафсил тушунтирилади, иккинчи томондан эса уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, таклифлари қабул қилиняпти.
Билдирилаётган муносабатларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланишини, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тильда тушунтирилишини, ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланишини, фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлашни назарда тутаётган нормалар аксарият юртдошларимиз томонидан илиқ қарши олиняпти.
Бундан ташқари, давлатнинг хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги ҳамда таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган нормалар якдиллик билан қўллаб-қувватламаяпти.
Маҳалланинг мақоми ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифалари Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйилаётганлиги ҳам кўпчилик юртдошларимизнинг диққат-марказида.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
суҳбатлашди