Дунё давлатлари, хусусан, Ўзбекистонимиз учун кўплаб тарихий воқеаларга бой бўлган 2022 йил якунига етмоқда. Албатта, бундай пайтда йил якуни сарҳисоб қилинади, келгуси йил учун режалар тузилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида йил якунларига қисқача баҳо берилган ҳолда мамлакатимизнинг 2023 йилдаги сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.
Йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиб, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар асосида амалга ошириладиган ишларга эътибор қаратилди. Бу вазифалар албатта йил дастурида батафсил, манзилли акс этади.
Президентимиз қайд этган маъмурий ислоҳотлар бошланди. Ушбу мақсадда қабул қилинган фармон ва қарор билан бошқарувни ихчамлаштиришга киришилди. Айни пайтда бу жараён республика, вилоят ва туман, шаҳар даражасида давом этмоқда. Янги йилдан бу тизим ўзини кўрсата бошлайди. Бу ҳақида ҳали яна фикр юритамиз, жараёндан халқимизни хабардор этиб борамиз.
2022 йилнинг Самарқанд вилояти ва халқи ҳаётида қолдирган изи, муҳим янгилик ва ўзгаришлар ҳақида гапирганда, албатта, биринчи навбатда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Самарқанд халқаро туристик марказининг фаолият бошлаши ҳамда бу ерда қисқа вақт ичида бир нечта йирик халқаро форумлар ўтказилганини алоҳида қайд этишни истардик.
Нафақат Самарқанд, балки юртимиз тарихида илк бор 15 давлат етакчилари иштирокида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 22 саммити ўтказилди. Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши ҳам юксак савияда ташкил этилди. Умуман, кейинги тўрт ойда янги халқаро марказ ўндан ортиқ халқаро форум ва анжуманлар масканига айланди. Ушбу тадбирлар арафасида Самарқанд шаҳридагина эмас, вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам жуда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилдики, бу ҳақида йил давомида жуда кўп гапирилди, ёзилди. Бунга халқимиз наинки гувоҳ бўлиб турибди, балки ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлди, ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилди.
Самарқанднинг бундай мақом ва нуфузи ортиб бораётгани, Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланаётгани инобатга олиниб, мурожаатномада давлатимиз раҳбари Самарқандга алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик мақомини беришни таклиф этгани ҳам бежиз эмас. Бу ҳам Самарқанд ва самарқандликлар ҳаётида янги саҳифа очиши табиий.
Албатта, бунёдкорлик ишлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод бўлиши, одамлар ҳаётининг фаровонлиги иқтисодий имкониятлар билан боғлиқ. Шу боис вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш доимо диққат-эътиборимизда, кундалик фаолиятимизнинг асосини ташкил этади.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 105,6 фоизга (62,4 триллион сўм), саноат маҳсулотлари 107 фоизга (25,8 триллион сўм), ҳудудий саноат 106,9 фоизга (14,8 триллион сўм), қишлоқ хўжалиги 103,5 фоизга (42,6 триллион сўм), қурилиш ишлари 108,5 фоизга (8,2 триллион сўм), жами хизматлар 114,2 фоизга (23,1 триллион сўм) етиши кутилмоқда. Бунга етарлича асосимиз ва ҳисоб-китобларимиз бор.
Айни пайтда вилоятимизда 9351 та саноат корхонаси, шундан 57 та йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 11 ойда 25,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Йил аввалида 442,4 миллион долларлик саноат маҳсулотлари ва 134 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш режаси белгиланган эди.
Бугун йил якунига етиб бораётган пайтдаги ҳисоб-китобларимиз 586,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилганини кўрсатмоқда. Бу йил 175 та корхона илк бор экспортга жалб қилинди ва улар 41,5 миллион долларлик маҳсулот сотишга эришди. 20 турдаги янги маҳсулот биринчи марта экспортга чиқарилиб, товарлар номенклатураси органик-ноорганик бирикмалар, ҳавони совутиш ускуналари ва ширинликлар ҳисобига ошди. Экспорт географияси 9 та давлатга кенгайиб ҳозирда 53 та давлатни ташкил қилмоқда.
Бу рақамлар давлатимизнинг экспортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлари натижаси, десак муболаға бўлмайди. Йил давомида 200 дан зиёд экспортчи корхонага 48,1 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.
Иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда маҳаллий ва хорижий инвестицияларнинг ўрни жуда катта. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари мурожаатномада ушбу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилашни алоҳида йўналиш сифатида қайд этиб, муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Биз, бу йил 244,6 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштиришни ўз олдимизга мақсад қилган эдик. Амалга оширилган ишлар ва тадбиркорларимизнинг фаол ҳаракатлари билан йил якунида бу кўрсаткични 260,8 миллион долларга етказишни мўлжаллаяпмиз.
Президентимизнинг топшириқлари билан бу йил аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида олдимизга жуда катта вазифа, яъни 635,1 минг аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Пухта ишлаб чиқилган дастур ва уни амалга ошириш механизмларининг ишлаши, республикадан кўрсатилган амалий ёрдам туфайли йил давомида барча йўналишларда 640,1 минг аҳоли иш билан таъминланди.
Жумладан, тадбиркорлик, савдо ва сервис соҳасида 283,6 мингта, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 18,9 мингта, қишлоқ хўжалиги соҳасида 306,6 мингта (шундан 36,6 мингтаси пахта ва ғалладан қисқартирилган ер майдонларини аҳолига ижарага бериш ҳисобига) иш ўринлари яратилди. Ўзини-ўзи банд қилганлар 167,2 минг нафарни (деҳқон хўжаликлари билан) ташкил этди. Ҳудудий дастурлар доирасида 280,9 миллион долларлик 239 та лойиҳа ишга туширилиб, 6220 та янги иш ўрни яратилди.
Эришилган натижалар шу йилнинг марраси. Келгуси йил учун марраларни яна ҳам баланд қўямиз. Чунки бунга вилоятимизнинг салоҳияти ҳам, имконияти ҳам етади. Муҳими, халқимиз биздан ҳаёти янада фаровон бўлиши учун янгиликларни, ўзгаришларни кутяпти. Қолаверса, “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар келгуси йилда ҳам изчил давом этиши, инсонга эътибор янада ошиши белгиланди. Бу йўлда халқимизга хизмат қилиш биз учун юксак шараф ва масъулиятли бурчдир.
Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими
ЎзА.