Халқаро турнирнинг дастлабки ғолиблари номи маълум
Пойтахтимизда ўтказилаётган таэквондо WT бўйича “Баек Мун Чонг” халқаро очиқ чемпионатида илк ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
«Универсал» спорт саройида ўтаётган мазкур анъанавий халқаро турнирнинг ўсмирлар ўртасидаги кёруги баҳсларида ҳамюртларимиздан Ясинбек Одилов, Аслхон Собиржонов, Михаил Ли, Асадбек Самандаров, Азизбек Ашуров, Шоҳжаҳон Аҳмедов, Соҳиб Юнусов, Абдулазиз Қурбонхўжаев ўғил болалар ўртасида олтин медалга сазовор бўлди.
Қизлар орасида Маржона Алимова, Омина Эргашева, Фарангиз Мўминова, Лазиза Рустамова, Муштарийбону Баҳодирова, Виктория Денисенко, Розалина Толибжонова каби бир қатор таэквондочиларимиз ғолиб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада республикамизнинг барча ҳудудлари, шунингдек қўшни мамлакатлар — Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядан ташриф буюрган жами 1000 нафарга яқин спортчилар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Бугун, 23 май куни мусобақанинг катталар тоифасидаги жанглари бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА