
Наманган шаҳри Давлатобод тумани “Афсоналар водийси” тематик паркида спортнинг қўл жанги тури бўйича профессионаллар ўртасида “Чемпионлар лигаси” халқаро турнири ўтказилди.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда номдор спортчилар иштирок этди.

Умумий мукофот жамғармаси 17 минг АҚШ долларини ташкил этувчи халқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ўзагини ташкил этувчи Миллий гвардия қўшинларига қарашли Наманган вилояти “Динамо” спорт жамияти аъзолари Россия Федерациясидан келган қўл жанги усталарига қарши рингга кўтарилди.
48 килограммдан 80 килограммгача бўлган бешта вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларда юксак маҳорат ва ўзига хос шижоат кўрсатган ҳамюртларимиз якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Халқаро турнирнинг дастлабки жангида жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, уч карра Ўзбекистон чемпиони Маъсума Мўминова ва халқаро турнирлар совриндори Алана Загалова рингга кўтарилди. Рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмай нокаут ҳисобига зафар қучган ҳамюртимиз терма жамоамиз ғалабасини бошлаб берди.

Аёллар ўртасидаги жангда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон чемпионати ва кубоги ғолиби, Осиё чемпиони Шириной Зоҳидова ва жаҳон чемпионати совриндори, Россия биринчилиги ғолиби Карина Хачатурян куч синашди. Уч раунд давом этган жангда ватандошимизнинг қўли баланд келди.
Мусобақанинг энг асосий жангида жаҳон ва Осиё чемпионати совриндори, халқаро тоифадаги спорт устаси Алишер Жўрахонов жаҳон кубоги совриндори ва Россия биринчилиги ғолиби Вадим Акаловичга қарши курашга чиқди. Очколар ҳисобида бироз устунликка эришган терма жамоамиз вакили турнир ғолиблигини қўлга киритди.

– Шаҳримиз мезбонлик қилаётган “Чемпионлар лигаси” халқаро турнирида иккинчи маротаба иштирок этишим. Ўтган йилги ғалабани такрорлашга астойдил аҳд қилган эдим, – дейди Миллий гвардия Наманган вилояти бошқармаси хизматчиси, халқаро тоифадаги спортчи, сержант Шириной Зоҳидова. – Очиғи, бунга эришиш осон бўлмади. Устозларим ишончи, қолаверса, уч ёшли фарзандимнинг “Менинг онам чемпион”, деб мағрурланиб юриши учун ҳам олдимга қўйган маррага эришдим. “Чемпионлар лигаси” халқаро турнирининг ғолиблари ва барча иштирокчилари турнир ташкилотчилари томонидан диплом, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.

Нуфузли мусобақада мамлакатимиз байроғини баланд кўтарган спортчиларимиз эндиликда Қозоғистонда бўладиган қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА