Халқаро сиёсат янгиликлари қисқа сатрларда
Рада май ойида Украинада ҳарбий ҳолат тартибини узайтиради
Украина парламенти май ойи бошида ҳарбий ҳолат режимини яна узайтиради. Аввалги эълон қилинган ҳарбий ҳолатнинг муддати 18 майда тамом бўлади.
Ҳарбий ҳолат катта эҳтимол билан яна 90 кунга узайтирилади, деди Олий рада депутати Ярослав Железняк.
* * *
ОАВ: Суданда Тезкор ҳаракат кучлари 72 соатлик ўт очишни тўхтатиш режимига рози бўлди
Судан Тезкор ҳаракат кучлари гуманитар асосларга таяниб, 72 соатлик ўт очишни тўхтатиш режимига рози эканлигини маълум қилди. Режим жума куни соат эрталаб 6.00 дан бошланган, дейилади Reuters (https://www.reuters.com/) берган хабарда.
Судан соғлиқни сақлаш вазири маълум қилишича, ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан буён ҳалок бўлганлар сони 600 кишига етган.
* * *
ОАВ: G7 мамлакатлари Россияга товар экспортини бутунлай тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда
Бу ҳақда Киодо агентлиги Япония ҳукумати манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Аввалроқ Япония иқтисодиёт вазири Ясутоси Нисимура “Россияга экспорт бутунлай тўхтатиладими”, деб берилган саволни жавобсиз қолдирган эди. У бунга “масала дипломатик музокараларни кўзда тутади” деган эди.
* * *
Зеленский Столтенберг билан музокарада тўртта мавзуни таъкидлаб ўтди
Украина Президенти Владимир Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенбергни ҳамкорларнинг Украинага ёрдамини фаоллаштириш бўйича ёрдам беришга чақирган.
Музокаралар чоғида томонлар бир қатор муҳим масалаларни, жумладан, Украина мудофаси ҳамда айрим ҳамкорларнинг ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарор қилмаётгани муҳокама қилинган.
Шунингдек, икки сиёсатчи Киевдаги учрашувида мамлакатнинг Альянсга аъзо бўлиши ҳамда «Рамштайн» да бўладиган келгуси мажлис ҳақида ҳам фикр алмашган.
* * *
Қирғизистон Президенти тил бўйича Миллий комиссия раҳбарини қаттиқ огоҳлантирди
20 апрель куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат тили ҳамда тил бўйича сиёсат миллий комиссия раиси Канибек Осмоналиевни қабул қилиб, қирғиз тилининг ҳозирги аҳволи, тараққиёт истиқболи ва уни қўллаш соҳаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Шу билан бирга, давлат раҳбари Миллий комиссия раисини қаттиқ огоҳлантириб, тил сиёсати, хусусан, қирғиз тилини лотин ёзувига ўтказиш борасида эҳтиётсизларча гапиришдан тийилишни таъкидлаган.
«Қирғиз тилини лотин ёзувига ўтказиш тўғрисида гапиришга ҳали эрта. Давлат тилини кирилчада юқори даражада эгаллашни таъминламай туриб, лотин ёзувига ўтиш ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳозир бу масала кўндаланг тургани йўқ, давлат тилини ривожлантириш ишлари давом эттирилиши керак», - дея таъкидлади президент.
* * *
Трамп дунёни ядро қуролидан халос қилишга чақирди
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп халқаро ҳамжамиятни глобал исиш муаммоларини муҳокама қилиш ўрнига ядро қуролларидан халос бўлишга чақирди.
“Улар глобал исишни муҳокама қилиб ўтирибди. Бу нодонлик ва биз, аввало, ядро қуролларидан халос бўлишимиз керак”, - деди у ўзининг ижтимоий тармоқдаги Full Send Podcast каналида онлайн чиқиш қилиб.
“Россия ҳам Хитой ҳам бунга рози бўларди. Мен Владимир Путин билан бу ҳақда гаплашгандим ва унга ушбу ғоя маъқул келганди”, - деди собиқ президент.
* * *
ОАВ: Польша Европа Иттифоқини Газпромбанкни SWIFT тизимидан узишга чақирган
Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари Россияга нисбатан жорий қилинаётган янги санкция пакети доирасида Газпромбанкни SWIFT тизимидан узишга ёки камида банк активларини музлатиб қўйиш ҳақида ўйлашга чақирди”, деб хабар тарқатди EuObserver нашри.
С.Раҳимов, ЎзА