Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов, вилоят ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар вакиллари, шунингдек, хорижий давлатлардан ташриф буюрган ёшлар қатнашди.
Сўзга чиққанлар мазкур мусобақанинг аҳамиятли жиҳатлари ҳамда унинг иштирокчи ўқувчилар ҳаётидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр билдиришди.
Буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг дунё илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси, унинг илмий мероси ва фаолияти бугунги кунга қадар дунё олимлари томонидан ўрганиб келинаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур халқаро олимпиадада Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қувайт, Беларусь, Қатар, Грузия, Таиланд, Вьетнам, Хитой ва Туркия давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат жамоалар ўзаро баҳс олиб боради. Жорий йилнинг 9 июнидан 14 июнига қадар давом этадиган халқаро олимпиадада юқорида номлари зикр этилган давлатларнинг 30 та жамоа (120 нафар иштирокчи) си ўзаро баҳс юритади. Синов жараёнларини қатор хорижий давлатлардан жалб қилинган малакали эксперт, етук олим ва профессор-ўқитувчилар баҳолаб боради.
Олимпиаданинг очилиш маросимидан сўнг дилтортар куй-қўшиқлар ҳам янгради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири