Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида дунёнинг Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Финляндия, Қувайт каби 19 та мамлакатидан 120 нафар 15–18 ёшли ўсмир ўқувчидан иборат 30 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди. Олимпиада низомига мувофиқ, ақлу заковат беллашуви икки турда ташкил этилди. Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтиши учун ҳакамлар ҳайъати таркибига маҳаллий ва хорижий мамлакатлар – Туркия, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Қирғизистон давлатларидан академик, профессор-ўқитувчилар ҳамда тажрибали мутахассислар жалб қилинди.
Синов топшириқларини шакллантиришда халқаро олимпиада методологияси талабларига алоҳида эътибор берилди. Уч кун давом этган халқаро олимпиадада 1-тур ёзма иш (назарий) шаклида ўтказилиб, иштирокчиларга қийинлик даражаси турлича 50 та топшириқ берилди. Олимпиаданинг 2-тури амалий иш шаклида ўтказилиб, бунда иштирокчиларга 2 та топшириқ берилди ва ҳар бир топшириқ 50 баллик тизимда баҳоланди. Икки тур учун жами 200 балл берилди.
[gallery-17836]
Пойи Калон мажмуасида халқаро олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб олимпиада ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш қилинди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, иштирокчиларни халқаро олимпиада муваффақиятли ўтгани билан табриклади.
–Бугун ғолиблик шоҳсупасига чиқаётган ўқувчи-ёшлар келажакда давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш учун барча имкониятларини ишга солишига ишончим комил. Ушбу олимпиада иштирокчилари орасидан буюк алломаларимиз сингари етук фан ва давлат арбоблари, малакали мутахассислар, биология ва бошқа табиий фанларни юксак босқичга олиб чиқа оладиган олимлар етишиб чиқишига барчамиз умид қиламиз ва ишонамиз. Бутун дунёда Олимпиада ўйинларининг бир шиори бор: муҳими, ғалаба эмас, балки иштирок. Шу нуқтаи назардан совринли ўринларни ким қўлга киритишидан қатъий назар, бу ерда жам бўлган барча иштирокчи ғолибдир.
Шундан сўнг халқаро олимпиадада юқори натижалар қайд этган иштирокчи жамоалар олтин, кумуш ва бронза медаллари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Якуний натижаларга кўра, 5 нафар Россия Федерацияси, 3 нафар Ўзбекистон, 1 нафар Беларусь ҳамда 1 нафар Хитой вакиллари, жами 10 нафар иштирокчи – олтин медални қўлга киритди.
4 нафар Қозоғистон, 3 нафар Ўзбекистон, 3 нафар Хитой, 3 нафар Туркия, 2 нафар Қирғизистон, 2 нафар Россия Федерацияси, 1 нафар Саудия Aрабистони, 1 нафар Вьетнам ҳамда 1 нафар Монголия давлати вакиллари, жами 20 нафар иштирокчи кумуш медалга эгалик қилишди. 6 нафар Ўзбекистон, 5 нафар Қирғизистон, 4 нафар Қозоғистон, 3 нафар Саудия Aрабистони, 3 нафар Туркманистон, 3 нафар Таиланд, 3 нафар Беларусь, 2 нафар Вьетнам ҳамда 1 нафар Туркия давлати вакиллари, жами 30 нафар иштирокчи бронза медаллар билан тақдирланди.
Умумий ҳисобда олимпиадада иштирок этган 60 нафар ўқувчи турли даражадаги ғолиблик медалларига эга чиқди. Шунингдек, иштирокчи давлатлар вакилларига махсус совғалар топширилди.
Тадбир вилоят санъат усталарининг концерт дастури билан янада файзли ўтди.
Тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхўжаев қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари