Халқаро маслаҳат қўмитасининг йиғилиши
Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда тузилган Ўзбекистондаги жаҳон мероси объектларининг муҳофазаси бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг тўртинчи йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази масъуллари ва экспертлар, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси, Маданий мерос агентлиги раҳбарлари ва соҳа вакиллари иштирок этди.
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси раиси биринчи ўринбосари Э.Нажимов, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили К.Мухторов, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Т.Қўзиев ва бошқалар мамлакатимизда аждодларимиздан мерос археологик ва архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Йиғилиш иштирокчилари ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази директори Лазера Асоманинг видеомурожаатини тингладилар.
Тадбирда Сурхондарё ва Қорақалпоғистондаги археологик ёдгорликларни сақлаш, бошқариш ва умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш, тарихий шаҳарлар ландшафти ва меросга таъсирини баҳолаш, архитектура ёдгорликларини сақлаш методологияси каби мавзулар юзасидан маъруза ва ҳисоботлар тингланди.
[gallery-23690]
– Самарқанд – бутун инсониятнинг бойлиги, биргина Регистондаги обидаларни кўрган киши чексиз ҳайрат ва ҳавас оғушида қолади, – дейди шаҳарсозлик бўйича эксперт Майкл Клоос. – 2025 йилда Самарқанд – ислом оламининг маданияти пойтахти дея эътироф этилибди. Яна бу йил ушбу қадимий шаҳарда ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессияси ўтказилади. Шу муносабат билан шаҳарда бу тадбирга ҳам юксак тайёргарлик кўрилаётганига гувоҳ бўлдик. Самарқанд вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, маданий меросни асраб-авайлашга мутасаддилар билан учрашиб, ҳудуддаги умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни асраб-авайлаш бўйича дастурлар, режалар билан танишдик, ўз тавсияларимизни бердик.
Халқаро маслаҳат қўмитаси аъзолари 22 майдан буён Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида бўлиб умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва бошқа маданий мерос объектлари билан танишиб, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва мутахассислар билан учрашиб, археологик ва архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш юзасидан ўзаро фикр алмашгани ҳақида маълумот берди.
– Аввало, шуни айтишим керакки, ЮНЕСКО ишчи гуруҳи қарийб ўн кун давомида юртимизда ўрганиш ишларини олиб бориб, маданий мерос объектларини ўрганиш, сақлаш борасидаги очиқлик, шаффофликни эътироф этди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев. – Шу билан бирга ўз тавсияларини берди. Аммо баъзи масалаларда, хусусан, икки минг йилликдан ортиқ тарихга эга, археологик объектларни асраб-авайлаш бўйича биз ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик. Чунки, хом ғиштдан қурилган айрим объектлар бир неча юз йилликлар ва кейинги пайтда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари таъсирида зиён кўрмоқда. Бу ҳатто ўрта асрларда қурилган биноларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Албатта, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, юртимизда мавжуд тарихий объектларга эътибор кучайиб, улар муҳофазага олинди. Эндиликда эса, айниқса, кейинги ўн йилликда бу тарихий-маданий меросни сақлаб қолиш учун давлатимиз томонидан жуда катта маблағ ажратилмоқда ва бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганига гувоҳмиз.
Йиғилишда жорий йилнинг октябрь ойида илк бор Париждан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессиясига тайёргарлик юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги масъуллари ахборот берди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари