Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасининг гуманитар ҳамкорлик, умумсиёсий ва ижтимоий муаммолар департаменти директори ўринбосари Халмурат Рашидов Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти референдум округи фаолияти билан яқиндан танишди.
Халқаро кузатувчи округ жойлашган бинодаги комиссия учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу билан бирга жойларда референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этилиши, шу кунларда бўлаётган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ҳақида комиссия раиси ва аъзоларидан атрофлича маълумот олди.
Х.Рашидов округ ҳудудидаги участкаларда яратилган қулайликларга ҳам қизиқди. Шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Иван Фетисов ва Эндрю Ричардсон Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти референдум округига қарашли Тошкент туманидаги 583-референдум участкаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда меҳмонларга участка комиссияси аъзолари томонидан шу кунларда давом этаётган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари, аҳолига яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Cуҳбат давомида халқаро кузатувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА.