Мамлакатимизда шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган сиёсий жараён — Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумга қизғин ҳозирлик кўриш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишида кузатувчилар институтининг ўрни муҳим.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг референдумни кузатиш миссияси Тошкентда ўз ишини бошлади.
Бугун пойтахтимизда ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан референдумни кузатиш бўйича чекланган миссия очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловни кузатиш миссиясининг роли, мақсад-вазифалари ва унинг режалаштирилган фаолияти ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди.
ДИИҲБнинг референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси раҳбари, элчи Алберт Жонсон ўз сўзида мазкур миссия вакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан ташриф буюрганини, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни кузатиб боришларини қайд этди:
[gallery-11170]
— Ўзбекистондаги Конституциявий ислоҳотлар муҳим сиёсий ва тарихий жараён ҳисобланади. Демократик институтларнинг ўз методологияси бор. Биз ҳам кузатувларимиз давомида референдумга тайёргарлик жараёнларини, референдумни ўтказиш бўйича ҳуқуқий асосларга ҳамда ЕХҲТ талабларига қанчалик риоя қилинганини кузатамиз. Кузатув миссиямизнинг асосий вазифаси референдумнинг очиқ ва шаффоф ўтишини кузатишдан иборат.
Миссиямизни амалга ошириш давомида оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим. ОАВда референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларининг ёритилишини ҳам кузатиб борамиз. Референдумнинг эртаси куни кузатувларимиз бўйича дастлабки баёнотларимизни матбуот анжуманида эълон қиламиз. Якуний хулосаларимизни эса референдумдан 2 ой ўтиб тақдим этамиз, — деди миссия раҳбари Алберт Жонсон.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, асосий гуруҳ 10 нафар экспертлардан иборат. Бундан ташқари, 3 апрелдан бошлаб миссия таркибига 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳам қўшилади. Улар вилоятларда референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини кузатади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда журналистларни қизиқтирган барча саволларга миссия аъзолари томонидан жавоб қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА