Халқаро кузатувчилар: "Референдумда барча фаол иштирок этмоқда"
Мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий воқеа – референдум жараёнлари хорижлик мутахассислар, экспертлар, халқаро кузатувчилар эътибор марказида бўлиб турибди. Фарғона шаҳридаги 88-овоз бериш участкасига бельгиялик кузатувчилар ташриф буюрди. "Шодиёна" маҳалласида жойлашган участка байрамона безатилган, овоз берувчилар билан гавжум.
Бельгиялик меҳмонлар овоз бериш участкасида яратилган шарт-шароит билан танишдилар, фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қизиқдилар.
– Мамлакат тараққиёти, халқаро майдондаги имиджини белгилаб берадиган бош қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмагани гувоҳи бўлдик. Айниқса, ёшларнинг катта қизиқиш билдираётгани аҳамиятли, – дейди халқаро кузатувчи Пьер-Эммануэль Томанн. – Фарғонадаги қатор участкаларда шундай фаолликни кўриб хурсанд бўлдик.

Меҳмонлар овоз бериш участкаларидаги байрамона кайфият, ҳатто кексаларнинг ҳам мамнун ҳолда овоз беришга қатнашаётганига эътибор қаратишди.
– Барча тайёргарлик ишлари намунали ташкил этилган. Бу ердаги озодалик, саранжом-саришталик, одамларнинг бир-бирига ҳурмат-иззатда бўлиши қувонарли. Улар юзидаги табассум, хушкайфият мазкур референдумнинг халқ хоҳиш-иродаси билан амалга оширилаётганидан дарак беради, – дейди яна бир хорижлик меҳмон Доминик Тилманс.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА