Халқаро кузатувчилар Қашқадарёда
Қашқадарёдаги сайлов жараёнини бир гуруҳ халқаро кузатувчилар ҳам кузатиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиб бориш учун Қашқадарё вилоятига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикасида сайловни кузатиш миссияси узоқ муддатли кузатувчилари, шунингдек, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Исроил, Испания, Германия, Финляндия, Польша, Чехия, Литва, Молдова, Руминия, Сингапур сингари бир қатор хорижий давлатлардан халқаро кузатувчилар иштирок этмоқда.

Улардан бири сингапурлик халқаро кузатувчи Пракаш Кежривал 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясига ташриф буюриб, округ фаолияти билан яқиндан танишди.

– Илгари бир қатор давлатлардаги муҳим сиёсий жараёнларда кузатувчи сифатида иштирок этганман, – дейди Пракаш Кежривал. – Тан олиш керакки, мамлакатингизда, шу жумладан, Қашқадарёда бу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилган. Сайлов участкаларида сайловчиларнинг эркин овоз беришлари учун барча шароит яратилган. Айни пайтгача ҳеч қандай қонун бузилишларини кузатмадик. Одамлар кўтаринки руҳда овоз бериб, ўз фуқаролик бурчларини бажармоқда. Барча партиялар вакиллари ҳам участкаларда иштирок этмоқда. Номзодларга омад тилайман.
Ўлмас Баротов, ЎзА.