Халқаро кузатувчилар Навоий вилоятида
Ўзбекистондаги референдумни кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБнинг чекланган миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Алексис Мишель ҳамда Эни Кристин Крепелиен Навоий вилоятида бўлди. Улар референдумни ўтказувчи 5-Навоий округ комиссиясида муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик, яратилган қулайликлар ва комиссия аъзолари фаолияти билан яқиндан танишди.
Кузатувчиларга округ комиссияси раиси Назира Тоғаева ҳудуддаги участка комиссиялари ҳамда уларнинг аъзолари сифат таркиби, комиссия ҳузурида фаолияти йўлга қўйилган Матбуот маркази, ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиблари хусусида батафсил маълумот берди.

Референдумни ўтказувчи 5-Навоий округи ҳудудида 411 та участка комиссиялари ташкил этилган. Улардаги комиссия аъзоларининг 56 фоизини аёллар ташкил этади. Шунингдек, комиссия аъзоларининг 76 фоиздан ортиғи олий маълумотга эга тажрибали мутахассислардан иборат бўлиб, ўзбек, рус, қозоқ, қорақалпоқ ва тожик миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, референдумни ўтказиш ва мазкур сиёсий тадбирга қизғин тайёргарлик жараёнларини ўз вақтида кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. ЕХҲТ ДИИҲБ халқаро кузатувчилари Навоий вилояти референдумга тайёргарлик жараёнларини ёритишда, асосан, нималарга аҳамият қаратилаётгани билан қизиқиб, аккредитациядан ўтган журналистлар билан ахборот алмашиш борасида яратилган шароитлар билан танишди.
Кузатувчиларнинг референдумни демократик тамойиллар асосида ўтказиш борасида амалга оширилаётган ташкилий жараёнлар ҳақидаги бир қатор саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
А.Бўриев,
ЎзА