Халқаро илмий-амалий семинар ўтказилди
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жойлашган “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи”да “Марказий Осиёда чўлланишга қарши курашиш технологиялари” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ўтказилди.
Ушбу анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун экологик хавфсизлик, ер ресурсларини сақлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш борасидаги стратегик аҳамияти билан алоҳида эътиборга лойиқ бўлди.


Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “яшил тараққиёт” тамойиллари изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган қатор қарорлар бугунги каби амалий ташаббуслар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонларида чўлланишга қарши курашиш, шўрланган ерларни тиклаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган.

Ана шу эзгу мақсадлар ижросининг амалий ифодаси сифатида Арнасойда ташкил этилган халқаро семинарда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўрмон агентлиги масъуллари, Хитой Халқ Республикаси Шинжон экология ва география институти профессор-олимлари, илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этишди.

Тадбирда Марказий Осиёда чўлланиш жараёнларини жиловлаш, шўрланган ерларни қайта тиклаш, галофит ўсимликлар асосида барқарор экотизим яратишнинг замонавий илмий ечимлари муҳокама қилинди. Айниқса, сув танқислиги тобора кескинлашаётган бугунги шароитда сув тежамкор технологияларни жорий этиш, инновацион агротехник усулларни амалиётга кенг татбиқ этиш масалаларига катта эътибор қаратилди.

“Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” бугун нафақат илмий тажриба майдони, балки халқаро экологик ҳамкорликнинг ёрқин намунасига айланмоқда. Мазкур боғ Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, бу ерда сувсизлик ва шўрланишга чидамли ўсимликларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар томонидан маҳаллий тупроқ ва иқлим хусусиятларига мос 122 турдаги галофит ўсимликлар рўйхати шакллантирилгани, Хитойдан 35 турдаги 1,3 тонна уруғ олиб келингани мазкур лойиҳанинг илмий салоҳияти нақадар юксак эканини кўрсатади.
Фориш давлат ўрмон хўжалиги Арнасой тумани бўлими бошлиғи Собир Қурбоновнинг фидокорона меҳнати туфайли бу ҳудуд қисқа вақт ичида тажриба-синов майдонидан замонавий экологик лабораторияга айланди. Хитойдан келтирилган 35 турдаги уруғлар экилиб, улар орқали тупроқ шўрланишининг олдини олиш, чўлланишга қарши самарали курашиш ҳамда ернинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсад қилинган.
— Биз бу ерда фақат дарахт ёки ўсимлик экиб қўяётганимиз йўқ, — дейди Собир Қурбонов. — Аслида, келажак учун экологик қалқон яратяпмиз. Бугун Арнасойда синовдан ўтаётган ҳар бир галофит ўсимлик эртага Марказий Осиё чўл ҳудудларини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин. Табиатга муносабатни ўзгартирмас эканмиз, иқлим билан боғлиқ таҳдидлар чегара билмайди. Шу маънода бу лойиҳа бир давлат ёки бир ҳудуд манфаати эмас, балки бутун минтақа келажаги учун хизмат қилади.
Ҳақиқатан ҳам, Арнасойда амалга оширилаётган ишлар бугун экологик муаммолар миллий чегара танламаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Орол фожиаси оқибатлари, ерларнинг шўрланиши, сув ресурсларининг қисқариши каби муаммолар Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун умумий таҳдид ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Арнасойда ўтказилган мазкур халқаро семинар минтақа давлатлари ўртасидаги экологик ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, илм-фан ва инновацияларни бирлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Бугун Арнасойда йўсин, сафора, жийда, қайроғоч ва саксовул каби шўрга чидамли кўчатлар экилиб, яшил ҳудудлар кенгайтирилмоқда. Эътиборлиси, мазкур тажриба 5 та вилоятда синовдан ўтказилган бўлса-да, айнан Арнасой энг яхши кўкариш ва юқори самара кўрсатган ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда.
Энг муҳими, бу ердаги ҳар бир ниҳол — табиатга эҳтиром, келажак олдидаги масъулият ва инсоннинг ер билан муносабатини қайта тиклашга қаратилган эзгу ҳаракат рамзига айланмоқда. Арнасойда бошланган бу яшил ташаббус келгусида Марказий Осиёнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган йирик минтақавий платформага айланиши, шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири